Daryo

Нима учун кўз қовоқлари учади ва бу ҳолат қачон хавфли?

Миокимия деб аталувчи ушбу ҳолат юзага келишига қатор омиллар таъсир қилади.

2 дақиқа ўқиш10 585 кўришлар0 изоҳ6

Кўпчилик камида бир марта кўз қовоқларининг беихтиёр титрашини сезган. Бу ҳолат ёқимсиз бўлиб, эътиборни чалғитади ва безовталик келтириб чиқаради. Мутахассислар кузатувига кўра, аёллар эркакларга нисбатан кўз қовоқлари учишидан кўпроқ шикоят қилишади. Шифокор-офталмолог Анна Панова ушбу ҳолат нимадан келиб чиқиши ва қайси вазиятларда эътибор талаб қилиш кераклиги ҳақида батафсил тушунтириб берди.

Кўз қовоқларининг учиши тиббиётда миокимия деб аталади. Бу жараёнда кўз олмаси эмас, балки қовоқ мушаклари беихтиёр қисқаради. Миокимия одатда тўсатдан пайдо бўлади ва одам уни назорат қила олмайди. Техник жиҳатдан бу бир ёки бир нечта кўндаланг мушак толаларининг қисқа муддатли ва такрорланувчи тортилишидир.

Миокимиянинг аниқ сабаби ҳозирча тўлиқ аниқланмаган. Шифокорлар бу ҳолатнинг келиб чиқиши бўйича бир нечта илмий назарияларни илгари суришган, бироқ ягона хулоса ҳануз мавжуд эмас. Шунга қарамай, амалиётда қовоқ учишини қўзғатувчи омиллар яхши маълум. Энг аввало, бу стресс, умумий чарчоқ ва асабий зўриқиш билан боғлиқ. Айниқса, компьютер қаршисида узоқ вақт ишлаш, кўзга ҳаддан ташқари юклама тушиши ва уйқу етишмаслиги миокимия пайдо бўлиш эҳтимолини оширади.

Бундан ташқари, кўп миқдорда қаҳва ичиш, аччиқ чой, спиртли ичимликлар ва энергетик ичимликлар ҳам нерв тизимини қўзғатиб, қовоқ мушакларининг титрашига сабаб бўлади.

Фото: Shutterstock

Шунингдек, миокимиянинг ривожланишига бошқа омиллар ҳам таъсир қилади. Улар орасида кўриш қобилиятининг нотўғри коррексияси, яъни сизга мос келмайдиган кўзойнак ёки линзалар тақиш, “қуруқ кўз” синдроми, мигренга қарши айрим дори воситаларини қабул қилиш, турли аллергик реакциялар муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, B гуруҳи витаминлари ва магний етишмовчилиги ҳам нерв-мушак импулсларининг бузилишига олиб келиб, қовоқ учишини кучайтириши мумкин.

Кўп ҳолларда миокимия соғлиқ учун хавфли ҳисобланмайди. У қисқа вақт давом этади ва махсус даволашсиз, ўз-ўзидан йўқолади. Шунга қарамай, ушбу ҳолат тез-тез такрорланмаслиги ёки узоқ давом этмаслиги учун турмуш тарзига эътибор бериш муҳим. Мутахассислар қовоқ учишининг олдини олиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилишни маслаҳат беради:

— стресс ва ортиқча чарчоқни камайтириш, иш жараёнида, айниқса компьютерда ишлаганда мунтазам танаффуслар қилиш;

— қаҳва, чой, алкоголь ва энергетик ичимликларни чеклаш;

— етарлича ухлаш: катта ёшли одам кунига камида 7–8 соат ухлаши лозим;

— мувозанатли ва тўйимли овқатланиш, организмни зарур витамин ва минераллар билан таъминлаш.

Агар кўз қовоқларининг учиши бир ойдан ортиқ вақт давом этса ёки унга бошқа хавотирли белгилар қўшилса, албатта шифокорга мурожаат қилиш керак. Бундай белгилар қаторига кўриш қобилиятининг пасайиши, юз мушакларида титроқ ёки оғриқ, кўз ва қовоқларнинг қизариши киради. Мутахассисга мурожаат қилиш орқали касалликнинг асл сабабини аниқлаш ва бош мия патологиялари, асаб-мушак тизими касалликлари ҳамда бошқа жиддий муаммоларни ўз вақтида истисно қилиш мумкин.

Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар