Daryo

Маош 2 минг евродан ортиқ: 50 нафар ўзбекистонлик Германияга ишга юборилади

Номзод ҳисобидан Германияга етиб боргунча харажатлар йўқ.

2 дақиқа ўқиш1 369 кўришлар0 изоҳ1

Миграция агентлиги Германия Федерал бандлик агентлиги ва Ҳунармандлар уюшмаси билан ҳамкорликда “Германияда иқлим бизнеси учун келажак истеъдодлари” лойиҳасининг 3-босқичини бошлади. Лойиҳа қурилиш ва техника соҳаларидаги малакали мутахассисларга мўлжалланган.

Унга кўра, Германияда 50 та иш ўрни учун 100 нафар номзод танлов асосида саралаб олинади. Танлов Германия Федерал бандлик агентлиги томонидан суҳбат ва тест орқали ўтказилади. Иш жойлари Германия бўйлаб жойлашган.

Иш шартлари:

  • Маош: ойига 2050 евродан бошланади;
  • Иш жадвали: 3 сменали, ҳафтада 5 кун, кунига 8 соат;
  • Синов муддати: 3 ой;
  • Турар жой Германия стандартларига мувофиқ тақдим этилади (номзод томонидан ойига 300–500 евро тўланади);
  • Овқатланиш — номзод ҳисобидан.

Қўшимча имтиёзлар:

  • немис тили ўқитилиши ва стипендия;
  • тил имтиҳон харажати (бир марталик) ва халқаро тил сертификати;
  • бир томонга авиачипта ва трансфер;
  • тиббий ва ижтимоий суғурта;
  • махсус иш кийимлари;
  • кейинчалик оила билан бирлашиш имконияти.

Номзодлардан қуйидагилар талаб этилади:

  • давлат томонидан тан олинган камида икки йиллик касб-ҳунар дипломи ёки махсус курслар;
  • сўнгги 5 йил ичида камида 2 йиллик иш тажрибаси;
  • 20–40 ёш;
  • судланмаганлик ва соғломлик ҳолати.

Шунингдек, лойиҳа доирасида немис тилини Гёте институтида бепул ўқиш, B1 даражасига эришгач виза ва авиабилет харажатларини иш берувчи томонидан қоплаш имконияти ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Германияда энди нафақат ҳамширалар, балки исталган йўналишдаги ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари ишлаши мумкин.

Рўйхатдан ўтиш.

Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар

2025 йил боши ҳолатига 1 340 000 (1,34 млн) нафар ўзбекистонлик хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланамоқда. Улардан 20 фоизини аёллар ташкил қилади.

Россиядаги ўзбек мигрантлар сони 2023 йил охирида тахминан 1 млн 200 минг киши эди, 2024 йил охирида эса бу рақам тахминан 698 мингга тушди, яъни Россия ҳали ҳам етакчи давлат бўлса‑да, лекин рақамлар сезиларли камайган.

Ҳукумат 2025-йилда Германия, Буюк Британия, Япония, Корея Республикаси, Канада, Исроил, Саудия Арабистони, БАА ва Польша каби иқтисоди ривожланган 21 давлатда 200 мингдан ортиқ ўзбекистонликни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар