Сингапурда вазирлар ва мансабдорлар, жумладан, дунёдаги энг кўп маош оладиган бош вазир Лоренс Воннинг иш ҳақи оширилади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Вон ҳозирда йилига 2,2 миллион Сингапур доллари миқдорида маош олмоқда. Эндиликда унинг даромади 60 фоиздан зиёдга ошиб, 3,6 миллион Сингапур доллари (2,8 млн доллар)га етади. У ушбу қўшимча даромадни беш йил давомида хайрияга йўналтиришини билдирган. Вон иқтидорли кадрларни жалб этиш учун ойликни ошириш зарурлигини таъкидламоқда.
Ҳукумат юқори маош коррупциянинг олдини олишини таъкидлаган. Аммо бу қарор яшаш харажатлари ошаётган Сингапурда жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган. Мамлакатда ўртача ойлик даромад 5 775 Сингапур долларини ташкил этади.
Дунё етакчилари маоши бўйича Вондан кейинги ўринларда Гонконг раҳбари Жон Ли (719 минг доллар) ва Швейцария президенти Ги Пармелан (606 минг доллар) туради. АҚШ президенти Дональд Трамп йилига 400 минг доллар, Буюк Британия бош вазири Энди Бернҳем эса 230 минг доллар олади.
Вон топ менежерларни сиёсатга жалб қилиш қийинлашаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳукумат хусусий сектордаги даромадни тўлиқ қоплай олмаса-да, мутахассислар сиёсатга келиши учун “моддий зарар кўрмайдиган шароит яратиши зарур”.
“Умуман олганда, бу қарор менга ва келажакдаги бош вазирларга иқтидорли сингапурликларни давлат хизматига жалб этиш ҳамда мамлакат учун энг кучли жамоани шакллантиришда кўпроқ имконият беради”, деди у.
Ҳозирда вазирлар маоши 1,1 миллион Сингапур долларини ташкил этади. Янги тизим бўйича бу кўрсаткич 1,2 миллион долларга етади, иш самарадорлигига қараб эса 1,35 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.








