Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчилари ўзаро жанжаллашгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 11 сентябрь куни тахминан соат 22:30 ларда Миробод тумани Қўйлиқ мавзеси 2-уй олдида 2005-йилда туғилган 2 нафар фуқаро ўзларига нотаниш бўлган йигитлар билан ўзаро оғзаки тортишиб қолган.
Шундан сўнг, Б.Ф. ҳамда Э.X. вояга етмаган 2008-йилда туғилган Ш.О. билан ўзаро уришиб кетган. Сўнг Б.Ф. вояга етмаган Ш.О.га ўткир тиғли жисм билан тан жароҳати етказган. Оқибатда вояга етмаган Ш.О. шифохонага ётқизилган, унинг соғлиғи шифокорлар назоратида.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (“безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.








