Россиянинг Татаристон Республикаси, Нижнекамск шаҳридаги 37-сонли кўп тармоқли лицейда фавқулодда ҳолат қайд этилди. Бир ўқувчи муассасага пичоқ билан келиб, бир нафар ходимни жароҳатлади. Бу ҳақда “Осторожно Новости” хабар берди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, воқеа бугун, 22 январь куни 13 ёшли 7-синф ўқувчиси томонидан содир этилган. Нижнекамскдаги лицей биноси хавфсизлик кучлари томонидан қуршаб олинган. Маҳаллий аҳоли бино ичидан портлаш товушлари эшитилганини айтган. Дастлабки маълумотларга кўра, ўсмир лицей ичида учта петарда (пиротехника воситаси)ни портлатган.
Воқеа жойидан олинган кадрларда лицей ичида ҳужумдан кейинги қон изларини кўриш мумкин. “112” канали маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида қўриқчи аёл яраланган. Бошқа манбалар эса ҳужумчи бола фаррош аёлнинг қўлига пичоқ билан жароҳат етказганини хабар қилмоқда. Ҳозирда жабрланувчига барча зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, унинг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ.
Туман ҳокимиятининг маълум қилишича, ўқувчи учта петардани портлатиб, сўнгра ходимга ҳужум қилган ва яширинишга уринган. Бироқ у тезкорлик билан қўлга олинди.
“Ҳужум қилган шахс ушланди, барча ўқувчилар бинодан эвакуация қилинди. Уларнинг ҳеч бири жабрланмаган”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 1-қисми (одам ўлдиришга суиқасд қилиш), 293-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.








