Daryo

“Нетаньяху АҚШни урушга тортмоқда” — америкалик сенатор

Бу зарбалар Эрон ядро дастури атрофидаги узоқ йиллик келишмовчиликларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга интилаётган АҚШ мақсадларига ҳам зид келади

2 дақиқа ўқиш9 439 кўришлар0 изоҳ0

Вермонт штати сенатори Берни Сандерс Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий келишув бўйича музокараларни барбод қилганликда айблади. Сиёсатчи бу ҳақда 14 июнь куни Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Фото: EPA
“Нетаньяхунинг экстремистик ҳукумати халқаро ҳуқуққа доимий бўйсунмаслиги оқибатида дунё янада хавфли ва беқарор ҳолатга келди”, деди Сандерс ўз баёнотида.

Исроил кучлари 13 июнга ўтар кечаси Эронга ҳужум қилди. Зарбалар оқибатида ядровий ва ракета объектлари шикастланди, олий ҳарбий қўмондонлар ва олимлар ҳалок бўлди. Эрон бунга қатъий жавоб беришни ваъда қилди.

“Аввалига у Ғазодаги болалар очлигидан уруш қуроли сифатида фойдаланмоқда, бу эса Женева конвенцияларининг ваҳшиёна бузилишидир. Энди унинг Эронга қонунга хилоф бир томонлама ҳужуми кенг кўламли минтақавий урушга айланиб кетиш хавфини туғдирмоқда”, дея таъкидлади сенатор.

Сандерснинг таъкидлашича, бу зарбалар Эрон ядро дастури атрофидаги узоқ йиллик келишмовчиликларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга интилаётган АҚШ мақсадларига ҳам тўғридан-тўғри зид келади.

“Музокаралар якшанба кунига режалаштирилган эди, аммо Нетаньяху бунинг ўрнига ҳужум бошлашга қарор қилди”, деди Сандерс.

У АҚШни “Нетаньяхунинг навбатдаги уруши”га аралашмасликка чақирган.

Сенаторнинг фикрича, АҚШ халқаро ҳамжамият билан биргаликда можаронинг авж олишига йўл қўймаслик ва урушаётган томонларни музокаралар столига ўтқазиш учун “барча имкониятлардан фойдаланиши” керак.

13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ядро қуроли яратишга яқинлашгани сабабли ядровий, ҳарбий объектлар ва юқори мартабали ҳарбийлар жойлашган манзилларга ҳужум қилди.

Фото: AFP

Зарбалар оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бир неча раҳбарлари ва эронлик физик-ядрошунослар ҳалок бўлди. Улар орасида Корпус қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бақерий, ИIQК “Хотам ал-Анбиё” бўлинмаси қўмондони Ғулом Али Рашид, шунингдек, олимлар Фаридун Аббосий Давоний ва Озод Муҳаммад Маҳдий Теҳрончий бор. Жами 78 киши ҳалок бўлди, 320 дан ортиқ киши жароҳат олди.

Ўша куни кечқурун Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроилга қарши “Ҳақиқий ваъда-3” жавоб операцияси бошланганини эълон қилди. Эрон Исроилга уч марта ракета зарбалари берди, зарбалар бир нечта шаҳарларда қайд этилди. 70 дан ортиқ киши жароҳат олди, бир аёл ҳалок бўлди. Шу пайтда Теҳронда яна портлашлар эшитилди.

Эрон ва АҚШ апрель ойида ядровий келишув бўйича музокараларни қайта бошлади, беш раунд ўтказилди. Улар асосан Уммон ҳудудида ва билвосита тарзда бўлиб ўтди. Эрон ядро қуроли яратишга интилиш ҳақидаги айбловларни рад этмоқда ва келишув доирасида уранни бойитишдан воз кечмоқчи эмас.

Andijondanman. Oʻzbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti hamda Xalqaro Nordik universitetini (magistr) tamomlaganman. “Daryo”da 2019-yildan beri muxbir boʻlib ishlayman va maxsus materiallar, tenderlar, sud hukmlari, tarjimalar bilan shugʻullanaman. 2025-yilda “Oltin qalam” milliy mukofotini olganman. Tarixiy film va seriallarni koʻrishni xush koʻraman. Eng sevimli asarim Togʻay Murodning “Otamdan qolgan dalalar” kitobidir.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар