Daryo

Фарғонада эркак хотини алимент тўламагани учун устидан арз қилди

Аёл алимент тўлаш ўрнига қамоқ жазосини танлади

2 дақиқа ўқиш16 039 кўришлар0 изоҳ0

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида эркак хотини алимент тўламагани учун устидан арз қилди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати “Дарё”га хабар берди. 

Фото: МИБ ахборот хизмати

Келтирилишича, Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро М.М. (эркак) томонидан собиқ турмуш ўртоғи Х.Ҳ. (аёл)га нисбатан алимент ундириш юзасидан судга мурожаат этилган.

Суднинг 11 апрель кунги ижро ҳужжатига асосан, онадан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бироқ аёл мазкур мажбуриятдан қасддан бўйин товлаган ва яшириниб юришга уринган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси томонидан қидирув тадбирлари ўтказилиб, Х.Ҳ. бошқа вилоятда аниқланган ва ушланган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси — “Вояга етмаган болаларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш” билан иш қўзғатилиб, материаллар судга тақдим этилган.

Суд мажлисида аёл 22 363 310 сўм миқдоридаги алимент қарздорлигини тан олган бўлса-да, уни тўлашдан бош тортган. Ушбу ҳолатни инобатга олган ҳолда, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди томонидан унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Алиментдан қочган оталар ҳақида

Наманган вилояти Чортоқ туманида алимент тўлашдан қочиб юрган эркак уй ертўласидан топилганди. Қарздор ота томонидан қарздорлик 20 миллион сўмдан ортган. Ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига кетгач, унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Ходимлар томонидан Тошкентдаги хонадон яшаш жойлари пухта кўздан кечирилганда, ертўлага яшириниб олгани аниқланган. Унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида алимент тўламай қочиб юрган эркак Тошкентдаги молхонадан топилган. Вояга етмаган фарзандлари учун тўланмаган алимент миқдори 3 миллион 200 минг сўм экани айтилган.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Шунингдек, Наманган вилояти Чуст туманида алимент тўлашдан қочиб юрган эркак Оҳангарондан топилган. Ўтказилган суҳбат мобайнида қарздорлик салкам 15 миллион сўмга етгани, уни бартараф этиш лозимлиги тушунтирилган. Қайд этилишича, у яна масъулиятни ҳис этмаган ва унга нисбатан жиноят иши юритилган. 

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида эса алимент тўлашдан қочиб, уйининг ертўласида яшириниб юрган эркак ушланиб, 15 суткага қамалган. 

Энг антиқа ҳолатлардан бири, Наманган вилоятида алимент тўламай юрган эркак бошқа хотинининг уйида яширингани аниқланган. Унда қарздорлик тўпланиб, 24,3 миллион сўмга бориб етган эди. 

Фото: МИБ

Шу каби, Қашқадарёда МИБ ходими 2 йилдан бери қидирувда бўлган қарздор эркакни беркинаётган жойида топиб олган. Тадбир жараёнида ходимлардан бири уйнинг болохонаси ва томини текшираётган пайтда, иккинчи ходим йиқитилган кўрпалар тагидан фуқарони олиб чиқди. 

Шу куннинг ўзида қарздор мавжуд 28 миллион 971 минг сўм алимент қарздорлигини тўламагани сабабли Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди томонидан Б.Бухаровга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фото: МИБ

Сурхондарё вилояти Ангор туманида алимент тўламай, 2 йилдан буён қидирувда бўлган эркак уй ертўласидан топилган. 

Фото: МИБ

Тошкентда учта хотинига алимент тўламаган эркакнинг қарзини 4-хотини тўлагани ҳақидаги ҳолат ҳам кузатилган. Шундан сўнг суд томонидан қарздорга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қайта кўрилиб, етказилган зарар миқдори қоплангани сабабли 15 суткалик қамоқ жазосини тўлиқ ўтамасдан озод қилинган.

Фото: МИБ
Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар