Daryo

Ўзбекистонда хусусий боғча ва мактаблар барча турдаги солиқ ва йиғимлардан озод қилинади

Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти қўллаб-қувватланади

1 дақиқа ўқиш31 580 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистонда нодавлат мактабгача ва мактаб ташкилотлари барча турдаги солиқ ва йиғимлардан озод қилинади. Бу ҳақда “Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Фото: “Дарё” / Мадин Нурман

Қарор билан 2030 йил 1 январгача нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари:

  • барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилинади;
  • унда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўламайди.

Шунингдек, 2030 йил 1 январга нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг Ўзбекистонда  ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товар жиҳозларига божхона тўловлари тўланмайди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно):

  • замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари;
  • компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлар;
  • ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар.

2025 йил 1 январдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотларига доимий жалб этиладиган педагог хорижий мутахассисларга “А-2” ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади.

Шунингдек, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бериш йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, бундан ўзгаришлардан мақсад нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш, ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ва технологияларини жорий қилишдир.

Бундан аввал Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан боғча ходимларини рағбатлантиришга рухсат этилиши ҳақида хабар берилган эди.  2025 йил 1 январдан мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади. Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида камида биттадан таянч мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади.

Октябрда имзоланган президент фармони билан Ўзбекистонда хусусий боғчалар ташкил этиш учун ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддати 5 йилга узайтирилди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар