Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги айрим мактабгача таълим ташкилотларида карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.
Маълум қилинишича, ҳозирда Тошкент шаҳрида карантин эълон қилинишига сабаб бўладиган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор.
Қўмита бошқармаси фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқалган тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик, фақат расмий манбалар орқали бериладиган маълумотларга таянишни сўраган.“Ижтимоий тармоқларда айтилаётган турли касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича карантин эълон қилиниши заруратини келтириб чиқарадиган ҳолатлар мавжуд эмас. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар йили қишки мавсумда грипп ва ЎРВИ билан касалланиш ҳолатлари аҳолида мавсумий равишда кўпаяди. Шу сабабли таълим ташкилотларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида эрталабки филтр (саралаш) ишлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бор болаларни вақтинча ажратиш, ота-оналарга тавсиялар бериш каби профилактик чоралар олиб борилади. Айни шу филтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан карантин сифатида нотўғри талқин қилинган”, дейилади баёнотда.








