Daryo

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарлари 2025 йилда хизмат сафарларига 3,3 млрд сўм сарфлади

Йил давомида айрим мансабдорлар бир неча марталаб чет элга борган. Масалан, собиқ вазир Ҳилола Умарованинг Италия, Саудия, Лондон ва Москвага сафарларига 173,8 млн сўм сарфланган.

2 дақиқа ўқиш6 927 кўришлар0 изоҳ4

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбар ходимлари 2025 йилда хорижий ва маҳаллий хизмат сафарларига жами 3,3 млрд сўмдан ортиқ пул сарфлади. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида маълумот берилди. 

Ҳисоботда қайд этилишича, йил давомида раҳбарларнинг чет элга хизмат сафарлари учун 2 млрд 447 млн сўм кетган. Улар турли анжуманларда қатнашиш учун 120 марта хорижга чиқиб келган. Ташрифлар 24 та давлатга бўлиб, ҳар бир сафар нархи ўртача 20,4 млн сўмдан тўғри келган. 

Энг кўп маблағ Францияга бориб-келиш (15 марта) харажатларига сарфланган — 427 млн сўмдан ортиқ. Кейинги ўринларда Хитой (18 марта борилган), Туркия (12 марта), Буюк Британия (5 марта) , Саудия Арабистони (4 марта) ва Филиппин (4 марта) сафарлари келтирилган. 

Йил давомида айрим раҳбарлар учун бир неча марта хизмат сафарлари уюштирилган. Масалан, собиқ вазир (ҳозир вазир ўринбосари) Ҳилола Умарованинг Италия, Саудия, Лондон ва Москвага сафарлари учун 173,8 млн сўм кетган. 

Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Азимжон Абдулҳаев 12 та давлатга сафар учун 230,8 млн сўм ажратилган. Стратегик ривожлантириш ва халқаро рейтинглар бошқармаси бошлиғи Оятилло Раҳматиллаевнинг тўққизта мамлакатга сафарлари учун 213 млн сўм сарфланган.

Айрим хизмат сафарлари учун 70 млн сўмдан ортиқ харажат қилинган. Мисол учун, Ҳилола Умарованинг Лондонга бориб-келишига 7,7 млн сўм кетган. АҚШга 70 миллион сўмга, Бразилияга сафар эса 85 млн сўмга тушган. Вазирлик чет элга барча хизмат сафарлари “бюджетдан ташқари маблағлар” ҳисобидан молиялаштирилганини қайд этган.

Ўтган йили вазирлик ходимлар Ўзбекистон бўйлаб 383 та хизмат сафарларини амалга оширган. Бунинг учун давлат бюджети ва бюджетдан ташқари дейилган маблағлар ҳисобидан жами 875,8 млн сўм сарфланган. Энг кўп сафарлар Самарқанд вилоятига (105 та), энг ками эса Қашқадарёга (14 та) қилинган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Россиядаги тадбирга ўғли ва жиянини юборгани учун ишдан олинганди. Ўшанда “Алвон елканлар” байрамига иқтидорли ўқувчилар ўрнига мансабдорларнинг яқинлари юборилгани аниқланган. Текширув давомида уч нафар ўқувчининг ота-онаси, жумладан, бошқарма раҳбари ҳам бюджетга 28 миллион сўмни қайтарган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар