Daryo

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 55 кишига етди. Тўрт беморнинг аҳволи оғир

Коронавирус билан касалланган беморлар сони беш нафарга кўпайиб, 55 нафарга етган

1 дақиқа ўқиш477 834 кўришлар0 изоҳ0
Foto: “Daryo”

Ўзбекистонда 25 март 9:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 55 нафарга етди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.

Республика бош давлат санитария инспекторининг сўзларига кўра, беморларнинг бари Республика вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволаш муолажаларини олмоқда. 13 нафар беморда ўпка яллиғланиши — пневмония аломатлари кузатилмоқда. Тўрт нафар беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда — уларга тегишли интенсив терапия муолажалари ўтказилмоқда.

Ҳукумат ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғинин қўшимча қилишича, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги даволаш-профилактика муассасаларида, профилакторийларида, санаторийларида ташкил этилган махсус изоляторларда жами 20 мингдан ортиқ фуқаро карантин тадбирларини ўтаяпти. Улар карантинда бўлган жойларида тиббий кузатув остига олинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 50 нафарга етгани, улардан беш нафари соғайгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, хорижда бўлмаган ва аввал коронавирусга чалинган фуқаролар билан мулоқотда бўлмаган 20 ёшли қизда ҳам касаллик аниқлангани маълум қилинган эди.

Дастлабки 49 беморнинг 19 нафари эркак, 30 нафари хотин-қиз, шунингдек, 4 нафари вояга етмаган болалар эканлиги айтилган эди. Уларнинг тўрт нафари 0—9 ёшгача, бир нафари 10—19 ёшгача, 27 нафари 20—40 ёшгача, етти нафари 40—50 ёшгача ҳамда, тўрт нафари 50—59 ёшгача ва олти нафари 60—70 ёшгача бўлган фуқаролардир.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кучайтирилган чоралар кўрилмоқда — пойтахт Тошкент 24 мартдан бошлаб ёпилган, мамлакат бўйлаб деҳқон бозорларидан бошқа барча бозорлар фаолияти тўхтатилган, тўй ўтказиш тақиқланган. 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб кўчада ниқобсиз юрганлар жаримага тортилади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар