Тожикистон ва бошқа давлатларда оммабоп бўлган Аvesta ахборот агентлиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг ўзбек-тожик муносабатлари тарихи ва бугунги кунига бағишланган мақоласини эълон қилди.
Ўзбекистон барча қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатган. Хусусан, “икки тилда сўзлашувчи бир халқ”, “бир дарёнинг икки ирмоғи” сифатида тавсифланган ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, кўп асрлик ўзаро ҳурмат анъаналари бирлаштиради. Бу яқинлик Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги барча соҳалардаги муносабатлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади, — деб ёзади вазир.
Икки давлат ўртасидаги мулоқотнинг характери кўп жиҳатдан президентлар ўртасида шаклланган ўзаро ишончга боғлиқ, дея таъкидланади мақолада. “Бу жиҳат давлатлар раҳбарлари бир-бирига “менинг азиз биродарим” деб мурожаат қиладиган норасмий муносабатларда ҳам ўз ифодасини топади. Олий даражадаги очиқ, ҳалол мулоқотлар ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратди”, — дея таъкидлайди вазир.
2018 йилнинг 1 мартидан икки давлат фуқаролари ҳаётида чинакам унутилмас бахтли кунлар бошланди, деб ёзади нашр. “Ахир ўшанда Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар амалга оширилишининг ёрқин мисоли сифатида икки давлат чегараси орқали ўтадиган 9 та назорат-ўтказиш пунктларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди”, — дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради Avesta ахборот агентлиги.
Кейинги йилларда икки давлат чегараларида 17 та юк ташиш пункти очилиб, шу муносабат билан ташкил этилган байрам тантаналарида қўшни туманлар аҳолиси ҳам иштирок этиб, ўз миннатдорчилигини билдирмоқда.
“Қардош халқларимиз интиқлик билан кутган бу ҳақиқат фуқароларнинг ҳаракатланишини осонлаштириш имконини берди. Бу, ўз навбатида, икки давлатнинг дўст халқлари ўртасидаги оилавий ришталарни сақлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугун ҳар икки давлат раҳбарлари кўп томонлама шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, шунингдек, елкама-елка туриб, янги марраларни забт этишга интилишларини намоён этмоқдалар”, — деб ёзади қишлоқ хўжалиги вазири.
Изоҳ (0)