Иордания ҳарбийлари 23 апрель куни очарчилик чангалида қолган Ғазога ҳаводан гуманитар ёрдам юкларини ташлади. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Иорданиянинг Petra нашри хабарига кўра, Иордания ҳарбийлари Ғазо шимолидаги бир нечта объектларга етти марта ҳаводан гуманитар ёрдам юклари ташлаган. Расмийлар, шунингдек, Ғазога ҳаводан, қуруқлик конвойлари орқали ва Аммандаги Марка аэропорти орқали Мисрнинг Ал-Ариш халқаро аэропортига гуманитар ва тиббий ёрдам юборишни давом эттиришларини маълум қилишган.
Petra манбасининг айтишича, Иордания 7 октябрдан бери Ғазога 87 марта ҳаводан гуманитар ёрдам юборган. 209 та халқаро ёрдам дастурида иштирок этган.
23 апрелдаги ёрдам дастури АҚШ, Миср ва Германия билан биргаликда амалга оширилган. Юклар келишилган ҳолда, тартибсизлик юзага келтирмаслик учун, гуманитар ҳалокат зонасининг турли қисмларига ташланган.
“Ғазога эътибор қаратинг. Бизнинг бутун диққат эътиборимиз Ғазода бўлиши керак!”, — деган Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафадий CNN телеканалига берган интервьюсида.
Изоҳ (0)