Муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси олий кенгашига аъзо бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 апрель куни Саудия Арабистони пойтахтида Ислом олами уюшмаси Олий Кенгашнинг 46-йиғилиши бўлиб ўтган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров уюшма Олий Кенгаши аъзолигига қабул қилингани тўғрисида ушбу йиғилишда қарор қилинган.
Ушбу аъзолик муфтий фаолияти давомидаги тўртинчи йирик ташкилотга аъзо бўлиш ҳисобланади. Булар – Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (Қатар), Мусулмон донишмандлар кенгаши (БАА), Исломий фиқҳ академияси (Саудия Арабистони) ва Ислом олами уюшмаси Олий Кенгаши (Саудия Арабистони).
Риёз шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Кувайт, Қатар, Туркия, Малайзия, Индонезия каби давлатлардан келган вазирлар, таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этди.
“Анжуманда бутун жаҳонда тинчлик-осойишталикни қарор топтириш, хусусан, Фаластин ва Ғазо минтақасидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, ислом уммати бирлигига эришиш, айрим мусулмон мамлакатларидаги нохуш ҳолатларни ислоҳ қилиш, Роҳинжа мусулмонларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний рамзларнинг таҳқирланиши, айниқса, Қуръони каримни ёқиш каби ҳолатларга мутлақо йўл қўймаслик ва исломофобия хатти-ҳаракатларининг олдини олиш каби ўта муҳим масалалар муҳокама қилинди”, – дейилади хабарда.
Изоҳ (0)