Telegram мессенжеридаги каналларда хонанда Ботир Қодиров марҳум санъаткор Шерали Жўраевнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраевни оталикни белгилаш учун судга бергани айтилган хабарлар тарқалди. “Дарё” мазкур ҳолатга аниқлик киритди.
“Дарё” манбасининг билдиришича, санъаткорлар ўртасидаги можаро Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман судида, судья Лола Ўтанбоева раислигида кўриб чиқилмоқда.
Даъвогар Қодиров Ботир Шералиевич жавобгарлар — Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлардан оталикни белгилашни талаб қилган.
Аниқлаштирилишича, Ботир Қодиров 2024 йилнинг 19 март куни судга ариза киритган. Ишни кўриш 15 апрель куни бошланган. Бироқ жавобгар вакили иш билан танишиш учун ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўрагани сабабли суд мажлиси бугун, 23 апрель соат 14:30 га қолдирилган.
Билдирилишича, бугунги судда даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилган. Гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далиллар — фотосуратлар, далолатнома ёзуви ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхасини талаб қилиб олиш учун иш яна қолдирилган.
Ботир Қодировнинг даъво аризасига Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2023 йил 29 сентябрдаги хулосаси ва ундаги мутахассис фикри илова қилинган. Унда Ҳалимжон Нурматов ва Қодиров Ботир Шералиевичнинг амаки-жиян эканлиги бўйича фикр берилган.
Ботир Қодиров 2008 йил Янгийўл туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиб, 26 февраль куни фамилиясини Жўраевдан Қодировга, отасининг исмини Шерали ўғлидан Шералиевичга ўзгартирган. Бу ҳақда ҳам судга ҳужжатлар тақдим этилган.
Суднинг навбатдаги мажлиси 2024 йилнинг 2 май куни соат 15:00 га қолдирилган.
Изоҳ (0)