Марказий банк бошқаруви 25 апрелдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этган. Бунда, озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи озиқ-овқат бозорларидаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатган. Базавий инфляция сезиларли секинлашиб, март ойида йиллик 7,6 фоиз ва йил бошидан умумий инфляция даражасидан пастроқ шаклланган.
Макроиқтисодий прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция прогнози 9-11 фоизгача оширилган.
“Умумий инфляция прогнозини янгиланиши тартибга солинадиган нархлар ошишининг пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларида келтирилган макроиқтисодий прогнозларида инобатга олинган дастлабки даражасидан юқорироқ бўлиши билан боғлиқ. Бироқ ушбу ўзгаришларнинг иқтисодиётдаги нархларга таъсири бир марталик характерга эга бўлиб, истеъмол талабини маълум даражада пасайтириши орқали ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг пасаювчи трендига сезиларли таъсир кўрсатмайди”, — дейилади хабарда.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашган. Хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси ва қурилиш соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати соҳаларида инвестицион фаолликнинг ошиши кузатилган.
Сўмнинг реал алмашув курси динамикаси йил бошидан 0,9 фоизга қадрсизланиб, узоқ муддатли тренди доирасида шаклланган. Ташқи савдо ҳамкорлар миллий валюталари курслари ва инфляциялари бўйича прогнозларни инобатга олганда реал алмашув курсига нисбатан босимлар кузатилмаган.
Янгиланган прогнозларга кўра, ЯИМ ўсиши йил якунига 5,2-5,7 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.
- Ўзбекистонда 2023 йил 16 мартда асосий ставкани йиллик 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланди. Шундан буён асосий ставка ўзгаришсиз қолиб келмоқда.
Изоҳ (0)