Хитой пойтахтида халқаро автомобиллар кўргазмаси ўтказилмоқда. Бу ҳақда айни пайтда Пекин шаҳрида бўлиб турган “Дарё” мухбири хабар берди.
Кўргазмада 500 га яқин маҳаллий ҳамда хорижий автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи компаниялар, дилерлар, ОАВ вакиллари ва автоишқибозлар иштирок этмоқда.
Павильонлардан бирида EXEED компанияси ҳам янги автомобилларини намойиш қиляпти.
Компания бош директори Чао Қин дилерлар ва журналистлар билан учрашувда автомобиль ишлаб чиқаришнинг янги босқичи қандай бўлиши тўғрисида гапирди.
EXEED 2021 йилда ТХ автомобиль модели билан хориж бозорларига чиқишни бошлаган. Ўтган даврда биз анъанавий маркетинг стратегиясидан юқори даражадаги брендинг тизимига ўтдик. Биз мижозларимизга юқори сифатли, эксклюзив автомобиллар ишлаб чиқаришда давом этамиз. Компания ўз стратегиясини икки йўналишда белгилаб олди. Биринчиси — ички ёнув двигателли (ICE) ва гибрид (PHEV) моделлар, иккинчиси — электромобиллар ишлаб чиқаришдир. Келгусида бир неча янги моделларни ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Хусусан, мижозларимизга RХ–PHEV, EXLАNТIX ES ва E08 МPB каби юқори технологияли автомобилларни тақдим этамиз, — деди компания раҳбари.
Чао Қин номларини санаб ўтган янги моделлар халқаро кўргазма павильонидан жой олган.
Маълум қилинишича, келаси ҳафтада Вуҳу шаҳрида RХ-PHEV моделининг тақдимоти бўлиб ўтади. Тадбирда янги автомобилнинг барча имкониятлари тўғрисида ахборот берилади.
Маълумот учун, Пекин халқаро автомобиллар кўргазмаси 1990 йилдан бери ўтказиб келинади. Бу йилги кўргазмалар майдони қарийб 220 минг квадрат метрни ташкил этди. Павильонларга дунёнинг энг кучли брендларидан тортиб янги компанияларгача ўз автомобилларини жойлаштирган. Жорий кўргазмада 117 та янги моделдаги автомобиллар, 41 та концептуал автомашиналар намойиш қилинмоқда. Кўргазма 4 майгача давом этади.
Изоҳ (0)