Тошкент шаҳрида айрим кўчалардаги ҳаракат тезлигини 80 км/соатгача кўтариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 12 август куни бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрининг Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш ҳамда Тошкент ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида транспорт воситалари учун чекланган юқори тезлик чегарасини 80 км/соатга ўзгартириш ҳамда 12 та кўчада бир томонлама ҳаракат йўналишини ташкил этиш таклиф этилди.

Мазкур ташаббус ўрганишлар натижалари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий тажриба таҳлили асосида тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл ҳаракати қатнашчиларига қулайлик яратиш мақсадида илгари сурилаётгани таъкидланган.
ЙҲХБ вакили сўнгги ойларда тез-тез светофорларнинг ўчирилишига сабаб бўлаётган электр таъминотидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратди.
“Светофорлар ишламай, тартибсизликлар юзага келяпти. Беш-олти соат, саккиз соат, икки соатлаб шунақа ҳолат бўляпти. Яъни биз шунда нима қиляпмиз? Инспекторларнинг жисмоний кучидан фойдаланяпмиз”, деган ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, тезлик чегараси 2023 йил апрель ойида 70 дан 60 км/соатга туширилганди.
Изоҳ (0)