Эронлик таниқли қўшиқчи Араш 2017 йилда Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган концертига олдиндан гонорар олган бўлса-да, келмаган. Шу туфайли ўзбекистонлик тадбиркор 50 минг доллар зарар кўрган. 2018 йилда Тошкент вилояти хўжалик суди тадбиркорнинг фойдасига 24 797 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплаш тўғрисида қарор чиқарган, аммо қарор ҳамон ижро этилгани йўқ.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Андижондаги фестивал пайтида қонун синовдан ўтади.
Фестивал ташкилотчилари хизмати 50 минг доллар ҳам турмайдиган бу санъаткорни 2 миллиард сўмга олиб келишмоқчи. Демак, қонун синовдан ўтади: Ўзбекистонда суд қарорлари устуворми ёки бу можаро асрлар садоси шовқинида беиз кетадими, кўрамиз, дейди бу ҳақда ёзган ҳуқуқ фаоли.
“Дарё” журналисти 2017 йилдаги концерт ташаббускори, Араш сабаб 50 минг доллар зарар кўрган “Нигора медиа гроуп” МЧЖ таъсисчиси Нигора Соимнинг ҳам бу ҳақдаги фикри билан қизиқди.
Араш Ўзбекистоннинг суд тизими устидан ҳалигача кулиб, масхара қилиб келади. Суд қарорини бажармай, қочиб юрибди. Бу масалани эшитмаганлар қолган деб ўйламайман. Яқинда коррупция агентлигиданман деб биров чиқди, яна бошқаси Андижондаги ташкилотлардан деди ва мендан маълумотларни сўраб олишди. Барчасини билишди. Лекин барчасини била туриб, хизмати 50 минг доллар ҳам турмайдиган хонандага 2 миллиард сўм тахминан 165 минг доллар тўлашмоқчилиги кулгили ва аянчли. Бу воқеаларни билишмаганда ҳам майли эди, дейди Нигора Соим.
Араш Ўзбекистон суди қарорига кўра бу ҳаракати учун 25 минг доллар жарима тўлаш мажбуриятини олган. Тошкент вилояти хўжалик судига кўра, Араш вакили бўлган Эхтенсиве Music Сwеден АБ компанияси “Нигора медиа гроуп” продюсерлик компанияси билан тузилган шартномани бузганликда айбдор деб топилган. Нигора Соим МИБ ҳамон ушбу қарор ижросини таъминламаганини айтиб, “Ижрочиларимизнинг кучи МДҲдан ташқарига етмас экан”, дейди.
“Дарё” журналисти Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати билан боғланиб, Тошкент вилояти хўжалик судининг 2018 йилдаги қарори ижроси таъминланмагани сабаби билан қизиқди. МИБ матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов журналистнинг “Араш эрта индин Андижонга фестивалга келса, МИБ суд қарори ижросини таъминлайдими”, дея берилган саволига жавоб берар экан “бу иш бўйича МИБга ижро ҳужжати етиб келмаган”, деди.
Масъулнинг тушунтиришича, Арашдан жарима ундирувчи ташкилот “Нигора медиа гроуп” продюсерлик компанияси ижро ҳужжатини қайтариб олган. Шу сабаб МИБ суд қарори ижросини таъминлай олмаган.
Нигора Соим МИБ масъули бу борада ёлғон маълумот бераётганини айтди.
Йўқ, бу ёлғон. Неча маротабалаб борганман, қабул қилишмаган. Тўполон билан ҳужжат топшириб келганларимни қайтариб юборишган. Ижросини қилолмаймиз дейишган. Тарихни қўя турайлик, ҳозирги кунларнинг ўзида аризам яна уларга Бош прокуратурага келиб тушган. Шу иш билан шуғулланаётган МИБнинг Шуҳрат исмли ходими “Мурожаатингиз келиб тушганига уч кун бўлмасдан қайтараман. Бу иш ижросини биз қилолмаймиз деган”, дейди Нигора Соим.
“Дарё” воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)