Польшанинг Осина қишлоғидаги маккажўхори даласига 20 августга ўтар кечаси Россия дрони қулаб тушди ва портлади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Портлаш юз берган ҳудуд Украина билан чегарадан тахминан 100 километр ва Беларусь билан чегарадан 90 километр узоқликда жойлашган .
Россия яна НАТОга аъзо давлатларни қўзғатмоқда. Руминия, Литва ва Латвиядаги дронлар билан боғлиқ воқеалардан сўнг биз яна Россия дронига тўқнаш келдик. Бу тинчлик бўйича музокаралар олиб борилаётган ўзига хос паллада юз бермоқда, деди Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш.
У ҳолат бўйича нафақат унинг идорасида, балки Ички ишлар вазирлигида ҳам брифинглар ўтказилаётганини айтди. Воқеа тафсилотлари бош вазир, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакат иттифоқчиларига ҳам маълум қилинган.
Ҳодиса тафсилотлари
Портлаш маҳаллий вақт билан тахминан ярим тунда содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига бу ҳақда тунги соат иккидан кейин хабар беришган. Воқеа жойидан ёниб кетган темир ва пластмасса бўлаклари топилган, улар 8–10 метр атрофида сочилиб ётган.
Портлаш оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган, бироқ яқин атрофдаги биноларнинг ойналари синган. Польша қуролли кучлари вакиллари таъкидлашича, бу вақтда мамлакат ҳаво ҳудуди бузилиши қайд этилмаган. Шу билан бирга, агар у паст баландликда учган бўлса, дрон ҳарбийлар томонидан аниқланмаган бўлиши мумкин.
Дроннинг келиб чиқиш версиялари
Портлаш жойини кўздан кечириш шуни кўрсатадики, ... объект, эҳтимол, ҳарбий учувчисиз учоқдир, деди Люблин воеводелиги прокурори Гжегож Трусевич.
У дрон фуқаролик ёки контрабанда мақсадида ишлатилиш эҳтимолини истисно қилди.
Польшанинг PAP давлат ахборот агентлиги эса Мудофаа вазирлиги манбаларига таянган ҳолда шундай маълумот берди: у ҳарбий дрон бўлган, бироқ у жанговар каллак билан жиҳозланмаган, фақат кичик ҳажмда портловчи моддани олиб юрган ва, эҳтимол, ҳужум вақтида ҳаво мудофаа тизимларини чалғитиш учун қўлланган.
Rzeczpospolita газетаси эса манбасини кўрсатмасдан, катта эҳтимол билан қулаган объект Россия армияси томонидан Украинадаги урушда қўлланилган Shahed типидаги дрон эканини ёзган.
Польша ва қўшни мамлакатлардаги аввалги шунга ўхшаш ҳодисалар
- 2022 йил ноябрь ойида Польшанинг Пшеводув қишлоғида ракета қулаб тушди. Маҳаллий ОАВ ва ҳокимият маълумотларига кўра, у Россия ҳужуми пайтида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан учирилган. Оқибатда икки нафар маҳаллий фуқаро ҳалок бўлган.
2023 йил декабрь ва 2024 йил март — Польша расмийлари мамлакат ҳудуди устидан Россия ракеталари учиб ўтганини расман маълум қилди.
2024 йил декабрь ойида Молдова президенти Майя Санду ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Қўшни Руминия Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг Россия ракетаси ушбу мамлакат ҳаво ҳудудини ҳам бузгани ҳақидаги сўзларини тасдиқламади.
2024 йил сентябрь Латвияда Россия дрони қулагани ҳақида хабар берилди.
2025 йил июль Литва ҳукумати икки марта Беларусь ҳудудидан учиб келган дронлар ҳақида маълум қилди.
Изоҳ (0)