АҚШнинг Пенсилвания университети олимлари ядро урушининг инсоният ва табиатга таъсири борасида тадқиқот олиб борди. Унинг натижаларига кўра, ер юзида жуда кучли очарчилик содир бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда The New York Post хабар берди.

Тадқиқот Environmental Research Letters журналида эълон қилинган бўлиб, унда ядро портлашидан кейинги потенциал сценарий батафсил ўрганилиб чиқилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ядровий қурол портлагач, ёнғинлардан чиққан тутун ва чанг қуёш нурларини тўсиб қўяди. Бу бутун дунё бўйлаб иқлим совишига олиб келади. Жараён ўн йил ва ундан ортиқ давом этиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда. Оқибатда экин майдонлари қисқаради, ҳосилдорлик кескин пасаяди ва глобал озиқ-овқат таъминоти издан чиқиб кетади.
Олимлар 38 мингдан ортиқ ҳудудда маккажўхори етиштириш бўйича 6 та сценарий асосида симуляция ўтказган. Натижалар шуни кўрсатдики, кенг кўламли ядро уруши атмосферага 165 миллион тонна тутун чиқариб, дунё бўйича маккажўхори ҳосилини йилига 80 фоизгача камайтириши мумкин экан. Ҳатто кичик миқёсдаги ядро ҳалокати ҳам ҳосилдорликни 7 фоизга пасайтириб юборади.
Ядро ҳалокати нафақат ҳосилдорликка, балки ўсимликларнинг фотосинтезига ҳам салбий таъсир этади. Портлаш оқибатида стратосферага чиқадиган азот оксидлари ва тутун озон қатламини емиради. Бу эса Ер юзасига зарарли ултрабинафша нурларнинг ҳаддан ортиқ тушишига олиб келади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай нурланиш портлашдан 6–7 йил ўтиб энг юқори даражага етади ва ҳосилдорликни яна 7 фоизга пасайтиради.
Юқоридаги сценарийни ҳисобга олган ҳолда, олимлар глобал қишлоқ хўжалигини сақлаб қолиш учун совуқ иқлим ва қисқа вегетация даврида ҳам ўсишга мослаштирилган “чидамли” экинларни экишни тавсия қилмоқда. Уларга кўра, бундай экинлар ҳосилдорликни 10 фоизга оширади. Аммо уруғларнинг чекланганлиги бу стратегияни амалга оширишда жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Шу боис, тадқиқотчилар махсус уруғлар захирасини олдиндан тайёрлаб қўйишни таклиф этмоқда. Бу тўпламлар урушдан кейинги беқарор йилларда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни давом эттиришга ёрдам беради.
Мазкур тадқиқот халқаро сиёсий кескинлик кучаяётган, ядро қуроли ишлатилиши хавфи ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлган бир даврда эълон қилинди. Май ойида Покистон мудофаа вазири Ҳиндистон билан зиддият кучайгани боис ядро уруши эҳтимоли аниқ эканини айтган эди. Август ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Россияга яқин ҳудудга 2 та ядровий сувости кемасини юборишини маълум қилган. Июнь ойида эса АҚШ Миллий разведка бошлиғи Тулси Габбард “ядро қирғини” эҳтимоли ортиб бораётганидан хавотир билдирганди. Мутахассислар фикрича, агар инсоният тирик қолишни истаса, ҳатто тасаввур қилиб бўлмайдиган оқибатларга ҳам тайёр туриши зарур.
Изоҳ (0)