Президент Шавкат Мирзиёев 12 август куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон президенти Нарендра Моди ва ҳинд халқини яқинлашиб келаётган Ҳиндистон мустақиллиги куни билан табриклаган.
Суҳбатда Ўзбекистон—Ҳиндистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
“Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 60 фоизга ошди, 40 га яқин янги қўшма корхона ва кооперация лойиҳалари ишга туширилди. Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларнинг жорий портфели икки миллиард долларга етди. Ўзбекистонда Ҳиндистон университетларининг тўртта филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда”, дейилади манбада.
Мулоқотда фармацевтика, кимё саноати, рақамли иқтисодиёт, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Хабарга кўра, “Шимол—Жануб” йўлаги доирасида самарали транспорт-транзит йўналишларини ривожлантириш ҳам муҳокама қилинган.
Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида самарали ўтказиш муҳимлиги қайд этилган. Маданият ва кино кунларини ўзаро ташкил этиш, ҳудудлар даражасида алмашинувларни фаоллаштириш таклиф қилинган.
Ўзбекистон президенти ва Ҳиндистон бош вазири минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашган. Бунда бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилган.
Изоҳ (0)