Швециянинг Чалмерс технология университети олимлари қизил ўта гигант DFK 52 атрофида галактикамизда маълум бўлган энг йирик газ ва чанг пуфагини аниқладилар. Отилиб чиққан модданинг массаси Қуёш массасига тенг бўлиб, пуфакнинг ўзи 1,4 ёруғлик йили масофасига чўзилган. Тадқиқот натижалари Astronomy and Astrophysics (A&A) журналида эълон қилинди.

“ALMA маълумотларини кўрганимизда ҳайратда қолдик. Бу юлдуз Бетелгейзега деярли ўхшаш, аммо у улкан тартибсиз модда булути билан ўралган”, дейди тадқиқот раҳбари Марк Зиберт.
Тахминларга кўра, модда тахминан 4 минг йил аввал кучли чақнаш натижасида отилиб чиққан бўлиб, бунда юлдуз ўзининг ташқи қатламларининг бир қисмини йўқотган. Одатда бундай ҳодисалар ўта янги юлдуз портлашидан олдин содир бўлади. Аммо DFK 52 ҳали ҳам мавжудлиги тадқиқотчилар учун жумбоқлигича қолмоқда.
Булутдаги молекулалар ҳаракатини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, пуфак кенгайишда давом этмоқда. Гипотезалардан бири шундан иборатки, масса йўқотилиши ўта гигантнинг эволюциясига таъсир кўрсатган “яширин” ҳамроҳнинг мавжудлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
DFK 52 каби қизил ўта гигантлар ўз ҳаёт циклини якунлаётган ноёб ва ёрқин юлдузлар ҳисобланади. Келажакда улар ўта янги юлдуз сифатида портлаши кутилмоқда. Олимлар айнан шу юлдуз Галактикамиздаги навбатдаги “космик чақнаш” бўлиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти.
“Нима бўлаётганини яхшироқ тушуниш ва DFK 52 Сомон йўлининг навбатдаги ўта янги юлдузи бўлиши мумкинлигини аниқлаш учун янги кузатувлар ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Агар бу юлдуз одатий бўлса, унинг ҳалокати кейинги миллион йил ичида содир бўлиши мумкин”, дейди астроном Элвир Де Бек.
Бундан аввал Қуёшда йирик тож тешиги пайдо бўлиб, катталаша бошлагани хабар қилинганди. Халқаро астрономлар жамоаси биринчи марта Қуёшга ўхшаш ёш юлдуз атрофида тошли сайёралар шаклланишининг энг дастлабки босқичини кузатди. Бу олимлар учун бизнинг сайёралар тизимимиз тарихи 4,5 миллиард йил олдин қандай бошлангани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имкониятини берган.
Шунингдек, келажакда Сомон йўли Andromeda галактикаси билан тўқнашиши мумкинлиги ма`лум қилинганди.
Изоҳ (0)