Покистонда 14 август куни Мустақиллик куни нишонланиб, ҳавога ўқ узилиши ва мушакбозлик оқибатида 3 киши, жумладан, 7 ёшли қизча ҳалок бўлди, яна 109 нафар одам жароҳатланди. Бу ҳақда The India Times хабар берди.

Ҳодиса 14 август куни Карачининг турли ҳудудларида юз берган. Хусусан, Азизобод округида 7 ёшли қизга осмонга отилган ўқлардан бири келиб тушган, у воқеа жойида вафот этган. Коранги туманида 35 ёшли эркак, Калрида эса 70 ёшли киши уйининг ташқарисида ўқ тегиб, ҳалок бўлган.
Турли манбаларга кўра, биргина Карачининг ўзида 109 нафар одам ўқдан жароҳатланган. Ярадорлар шаҳар шифохоналари ва хусусий клиникаларга жойлаштирилган. Полиция рейдлар давомида 33 нафар гумонланувчини қўлга олган ва улардан замонавий қуроллар ҳамда ўқ-дориларни мусодара қилган. Ушбу ҳодисалар бўйича жиноят ишлари очилган.
Покистонда деярли ҳар йили Мустақиллик куни шундай фожиалар билан якунланади. 2024 йилда бундай отишмаларда 95 киши яраланган, бу кўрсаткич ўтган йилдагидан (80 киши) юқори. Мамлакат 1947 йил 14 августда Британия мустамлакасидан озод бўлган. Шу кундан буён Покистон ҳар йили Мустақиллик кунини ҳарбий парадлар ва маданий тадбирлар билан нишонлаб келади.
Изоҳ (0)