АҚШнинг Род Айленд штатида деярли 40 йил судьялик қилган ва Caught in Providence (Провиденсда қўлга олинганлар) кўрсатуви орқали дунё бўйлаб машҳур бўлган судья Фрэнк Каприо 88 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Унинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларида ёзилишича, Каприо ошқозоности бези саратонига қарши узоқ ва мардона курашдан сўнг вафот этган. Бу мазмундаги постлар интернетда 20 август куни эълон қилинган. У ўтган ҳафта Facebookъда қисқа видео жойлаб, ўзини бир оз ёмон ҳис қилаётганини ва яна шифохонага ётқизилганини билдириб, одамлардан унинг ҳаққига дуо қилишини сўраган эди.
Каприо суд залини “меҳр ва раҳм-шафқат ҳукмрон бўлган жой” сифатида таърифлар эди. У кўпинча жарималардан кечиб юбориб, судланаётганларга яхшилик қиларди. Хусусан, у бир сафар ўғлидан айрилган аёлнинг 400 долларлик жаримасини бекор қилган, бошқа бир вазиятда эса соатига атига 3,84 доллар маош оладиган барменнинг қизил чироқда ўтиб кетгани учун солинган жаримасидан кечиб юборган эди. Ўша пайтда Каприо суд залидагиларга мурожаат қилиб, шундай деган:
“Овқатланиб бўлиб, пулини тўламай чиқиб кетманг. Чунки бундай қилган одамнинг ҳисобини кун бўйи 3 долларга ишлаб юрган бир бечора тўлайди”.
Каприо ўз чиқишларида адолат тизимидаги тенгсизликларга ҳам эътибор қаратган:
“Барчага озодлик ва адолат” деган ибора адолатнинг ҳамма учун тенг бўлишини ва бирдек амал қилишини англатади. Аммо ҳақиқатда бундай эмас. Кам таъминланган америкаликларнинг қарийб 90 фоизи соғлиқни сақлаш, уйидан кўчириб юбориш, фахрийлар нафақаси ва ҳатто йўл қоидабузарликлари каби муаммоларни ёлғиз ўзи ҳал қилишга мажбур.
Судьянинг оиласи уни “меҳрибон эр, ота, бобо ва дўст” сифатида таърифлайди:
“У инсонпарварлиги, камтарлиги ва одамларнинг яхшилигига бўлган ишончи билан миллионлаб одамларнинг қалбидан жой олганди”.
Род Айленд губернатори Ден Маки эса уни шундай ёдга олди:
“Судья Каприо нафақат халқ учун хизмат қилди, балки одамлар билан самимий алоқада бўлди. У суд залида меҳрибонлик билан адолатни уйғунлаштириб, бизга адолат инсонпарварликсиз бўлиши мумкин эмаслигини исботлади”.
Маълумот ўрнида, Каприо 2023 йилда Провиденcе шаҳар судидан нафақага чиққан. У оддий оиладан чиққан бўлса-да, бутун умрини адолатни фуқароларга адолатли тарзда қўллаш билан ўтказди.
Изоҳ (0)