Россия президенти Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳини 12 та ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қўриқламоқда. Бу ҳақда “Озодлик” хабар берди.

Маълумотни Яндекснинг янги сунъий йўлдош суратлари ва “Яндекс.Зеркала” хизматидаги фотосуратлар тасдиқлайди. Мазкур қароргоҳда Путин билан муносабатда экани тахмин қилинаётган Алина Кабаева болалари — ўғиллари Иван ва Владимир билан тез-тез вақт ўтказади.
“Проект” нашри ёзишича, 2023 йил февралида Кабаева учун қароргоҳ яқинида алоҳида уй қурилган. Собиқ гимнастикачинг ёрдамчилари ҳам шу ҳудудда уй-жой билан таъминланган. Қароргоҳдаги мудофаа тизимлари сони Россия пойтахти билан солиштирганда ҳам эътиборни тортади. Аҳолиси 20 миллиондан ошадиган Москва ва Москва вилоятида жами 60 та ҳаво мудофаа тизими мавжуд.

Путин резиденсияси атрофида ҳаво мудофаа тизимлари ўрнатилгани ҳақидаги илк хабарлар 2023 йил январида пайдо бўлган. “Озодлик” эса тегишли маълумотларни тўплашни 2024 йил охирида бошлаган. Украина дронлари Россиядаги ҳарбий аэродромларга ҳужум қилганидан сўнг “Панцир-С1” тизимлари Валдайда ўрнатила бошлаган.
Украинада уруш бошланганидан бери Путин Россия бўйлаб ҳаракатланишда зирҳли поездни афзал кўради. Шу мақсадда унинг барча асосий қароргоҳларига темирйўл тармоқлари тортилган ва ёнида махфий станциялар қурилган. Айрим манбаларга кўра, махфий темирйўл инфратузилмаси Путин хавфсизлигини таъминлашда энг муҳим воситалардан биридир.
Изоҳ (0)