Тошкент вилоятида ҳаракатланиб кетаётган автомобиль устига чиқиб олиб, салют учирган фуқаро жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 3 август куни Юқори Чирчиқ туманида фуқаро ҳудуддан ўтган автомобиль йўлида ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда, ҳаракатланиб кетаётган машина устида пиротехника воситаларидан фойдаланган ва бу ҳолат акс этган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
Тезкор-суриштирув тадбирлари натижасида ҳайдовчи ва қоидабузар шахс аниқланди.
“Тоғдан қайтаётганимизда машина устига чиқиб, салют отдим. Бу нарсани бошқа қайтармайман, ҳаммадан узр сўрайман”, деган улардан бири.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан йўловчининг ҳаётини хавфга қўйганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 10-моддаси, яъни йўл безорилиги бўйича, йўловчига эса жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаганлиги, жамоат тартибини бузганлиги ҳамда пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдалангани сабабли 183 ва 185 прим 1-моддаларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ишга доир ҳужжатлар Юқори Чирчиқ туман судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича туман судининг қарори билан 2004 йилда туғилган фуқаро Маъмурий кодекснинг тегишли моддаларида айбли деб топилиб, 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчисига 1 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)