Амударёнинг Ўзбекистонга оқиб ўтувчи қисмидаги суви ҳажми келгуси 20–30 йил ичида кескин камайиб кетиши мумкин. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев билан суҳбатда айтиб ўтди.
Бир йил серсувлик, 3 йил қурғоқчилик
Таҳлилларга кўра, жорий йилда Амударёда сув меъёрида бўлиши кутилмоқда. Эркин Абдулаҳатов фикрича, бу Тинч океани марказида сув ҳароратининг меъёридан 3–4 даража исиб кетиш ҳодисаси — “Эл Нино” билан боғлиқ.
“Эл Нино” юзага келган даврларда (7–9 йилда бир марта) бизда сел-сув тошқинлари ва сув омборларимиз тўлиши кузатилади. Масалан, бундай ҳолат 1991, 1998, 2010, 2016 ва 2024 йилларга тўғри келди. Энди кейинги уч йиллик “Ла Нино” (Тинч океанида сув массасининг совиши) даври бўлади. Бунда ҳаводаги нам оқимлар камайиб, қуруқлик ортади. Келгуси дастлабки икки йилда сув камайиши у қадар кўп бўлмаса-да, учинчи йилга бориб бу камайиш кучаяди. Қиш ва куз ойларида ёғинлар жуда ҳам кам ёғади, — деди мутахассис.
Амударёда сув камайиши
Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, Амударёда 100 йиллар давомида 34 километр кубдан 70 километр кубгача сув шакланган. 1960 йилларда Амударё сувининг ярми (50 км кубгача) Орол денгизига тўғридан тўғри оқиб борган.
“Ўзбекистоннинг 70–80 йиллардаги бир йиллик сув истеъмоли ҳажми 60 км кубни ташкил қилган. Ҳозир бу 40 км кубгача камайди. Бунга Амударёдан фойдаланиш, сув омборларининг бўғилиши, тоғларда қиш ва кузда ёғингарчилик кам бўлиши ва бошқа омиллар таъсир қилди. Келгусида сув ҳажми камайиб бораверади. Масалан, истеъмолимиз йилига 30 км кубга пасайиши мумкин. Лекин биз қишлоқ хўжалигида ерларни томчилатиб, ёмғирлатиб, турли инновацион усулларда суғоришга ўцак, 30 км куб сув ҳам етарли бўлади”, — дея фикр билдирди олим.
Амударё сувини тақсимлаш муаммоси
Иқлимшуносга кўра, ҳозир минтақада сув тақсимоти билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Жумладан, Афғонистон қураётган Қўштепа канали учун 10 км куб сувни тортиб кетади.
“Ўзбекистон бир йилда Амударёнинг 20 км куб сувидан фойдаланади. Туркманистон ҳам шунга яқин ҳажмда сув олади. Тожикистон эса 5-6 км куб қабул қилади. Энди бу жараёнга Афғонистон 10 км кубни тортиб оламан деб қўшиляпти. Агар Афғонистонни ўзига қўйиб берсангиз, биз 10 км куб сувни агатлаб суғорганимиз каби йўл тутади. Ҳуддики, улар ҳозир Фарғона каналини қураётгандек. Биз ҳам 1945 йилда томчилатиб суғоришни ҳаёлимизга келтирмаганмиз”, — деди олим.
Мутахассис афғонлар ирригация тизимини томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш тармоқларига ўтказса, уларга 3 км куб сув ҳам етарли бўлишини айтди.
“Бунинг учун Ўзбекистон ва Туркманистон афғонларга замонавий суғориш технологияларни қўллашга ёрдам бериши керак. Агар шу иш амалга ошса, жараённи жиловлаймиз ва барқарорлик юзага келади”, — деди тадқиқотчи.
“Агатлаб суғоришга тезда чек қўйиш зарур”
Расул Кушербаев билан суҳбат давомида Эркин Абдулаҳатов Ўзбекистонда экин ерларини агатлаб суғориш энг катта муаммо эканини айтди. Олимнинг таъкидлашича, тармоқларга зудлик билан замонавий суғориш технологиялари жорий этилмаса, сув танқислиги билан боғлиқ вазият оғирлашаверади.
“Зарафшон дарёси 100 йил олдин Амударёга қуйилган. Ҳозир Навоий шаҳридан уёғига ўтмаяпти. Амударёни ҳам шу қисмат кутмоқда. 20–30 йилдан кейин аҳвол анча ёмонлашиши мумкин. Биз тезроқ агатлаб суғоришдан, томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришга ўтишимиз шарт. Агатлаб суғоришни “ваҳший суғориш” деб таърифлашади. Вазиятни яхшилаш учун ерларни фермернинг ўзига беришимиз, яъни хусусийлаштиришимиз керак. Чунки фермерларимиз “бугун пул сарфладимми, уни тезроқ чиқариб олишим”, керак деган тамойил билан ишламоқда. Ер ўзиники эмас, улар мустақил бўлмагани учун ҳам қўрқади” — деб айтди иқлимшунос.
Суҳбатда Эркин Абдулаҳатов Сув хўжалиги вазирлиги мамлакат йил давомида ўрта ҳисобда фойдаланаётган 40 км куб сувнинг 33 фоизи шунчаки сизиб, ерга сингиб, йўқ бўлиб кетаётганини маълум қилганини эслади.
“Яъни биз ҳозир фойдаланаётган сув 30 км кубга ҳам бормаяпти. Муаммони бартараф этиш, сув исрофини йўқотиш учун тезроқ каналларни бетонлаштиришимиз керак”, — дея таъкидлади эксперт.
“Қишда қўшни давлатларга электр экспорт қила олишимиз керак”
Суҳбатда Эркин Абдулаҳатов ҳозир Ўзбекистонга қўшни давлатлар сув омборларини тўлдириш режимига ўтаётганини айтди.
“Улар ҳам ривожланяпти. Электр энергияси ишлаб чиқариш учун уларда табиий ресурслар йўқ. Кўмир, газ йўқ. Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам фақат гидроэлектр станцияси қуришга куч беряпти. Бунинг фонида биз уларга қишда электр сотиб, ёзда улардан сотиб олсаккина барқарорлик бўлади. Чунки электр сотиб олсак, улар электр энергиясини сувдан олгани учун сувни биз томонга “қўйиб юборишади”. Агар ёзда сув ташласа, бизда сув билан боғлиқ барқарорлик юзага келади. Бу тизим ўзи 1992 йилдан бери бор, лекин афсуски, ишламаяпти. Чунки уларга қишда, электр керак бўладиган пайтда ўзимизда ҳам электр энергияси билан боғлиқ муаммо юзага келмоқда. Тезроқ генерацияларимизни кўпайтиришимиз керак”, — деди иқлимшунос.
Амударёда сув камайиши бўйича хавотирлар
Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида яқин 20 йил ичида Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкинлигини айтган.
“Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу — дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин 20 йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё — Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда. Агар ўз вақтида таъсирчан чораларни кўрмасак, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади, — деган давлат раҳбари.
Маълумотларга кўра, сўнгги уч йилдаги қурғоқчиликнинг таъсири Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларда яққол сезилмоқда. Минтақада сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, қор ва ёмғирларнинг кам бўлаётгани, музликларнинг эриши натижасида йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув сарфи камайиб бормоқда.
Амударёнинг “Керки” гидропостидан оқиб ўтган сув оқими миқдори охирги 10 йилда 5 фоизга, Туямўйин сув омборига келган сув ҳажми 22,5 фоизга камайган.
Қўшни давлатлар томонидан Амударё ўзанида янги канал қурилиши оқибатида дарёдан Ўзбекистонга келадиган сув ҳажми 15 фоиз камайиши билан боғлиқ хавф мавжуд.
The Economist прогнозига кўра, агар Афғонистонда Қўштепа канали қуриб битказилса, минтақавий можаро юзага келиши мумкин.
“Иқлим ўзгариши Ўзбекистон 15 фоиз сув йўқотишига сабаб бўлмоқда. Агар канал қурилиши ортидан яна 10 фоиз сув йўқотилса, мамлакат 25 фоиз сув йўқотиши мумкин”, — дейилади яна бир прогнозда.
“Толибон” бош вазири Абдул–Ғани Бародар 2023 йил март ойида Қўштепа канали қўшни давлатларнинг сувдан фойдаланиш ҳуқуқларини бузмаслигини айган. У Амударё сувидан фойдаланиш нуқтайи назаридан Афғонистон шимолий қўшниларга йўналтирилган сув ҳажмларига даъво қилмасдан, ўз ҳуқуқлари доирасида қолишини таъкидлаган.
Изоҳ (0)