Қўштепа каналининг ишга туширилиши Афғонистонга ҳар йили ўртача 500 миллион доллар даромад келтиради. Бу ҳақда сув ресурсларини бошқариш бўйича афғон эксперти Нажибулла Садид Тоlonews’га берган изоҳида маълум қилди.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу канал қурилиши тугалланиши билан Афғонистон буғдой етиштириш бўйича ўз-ўзини таъминлашга эришади, мамлакат иқтисодиётида эса сезиларли ютуқларга эришилади.
“Қўштепа ва унинг барча ёрдамчи каналлари қуриб битказилгач, Афғонистонга йиллик 470-550 миллион доллар даромад олиб келиши кутилмоқда”, — дейди Садид.
Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси Қўштепа каналининг сув олиш иншооти қурилиши 50 фоизга, иккинчи босқичдаги қазиш ишлари эса 30 фоизга ошганини маълум қилди. Йил охиригача Фарёб вилоятининг Андхой туманига етиб бориши кутилаётган каналнинг иккинчи босқичи учун қазиш ишлари қиймати 20 миллиард афғонига (283 миллион доллардан ортиқ) баҳоланмоқда.
Қўштепа канали лойиҳаси узоқ муддатли лойиҳа. Биз унинг таъсирини қисқа муддатда кўра олмаймиз. Аммо лойиҳа тегишли бошқарув услублари асосида амалга ошса, у Афғонистон иқтисодиётига таъсир ўтказиши мумкин”, — дейди иқтисодчи эксперт Шокир Ёқубий.
“Толибон”нинг йирик лойиҳаси ва хавфлар
Қўштепа канали лойиҳаси Амударёнинг сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги йирик лойиҳалардан биридир, у ҳозирда Афғонистон шимолида амалга оширилмоқда. Каналнинг биринчи босқичи ишга туширилган, аммо Марказий Осиё давлатлари бу лойиҳадан хавотирда.
The Economist прогнозига кўра, агар канал қуриб битказилса, минтақавий можаронинг кучайишига олиб келиши мумкин. Канал Амударё сувини Ўзбекистон билан чегарага йўналтиради. Афғонистон электр энергиясининг катта қисмини Ўзбекистондан импорт қилиши ҳисобга олинса, “Толибон” қўшни республикага қарши чиқолмаслиги мумкин.
“Иқлим ўзгариши Ўзбекистонни 15 фоиз сув йўқотишига сабаб бўлмоқда, агар канал қурилиши ортидан яна 10 фоиз йўқоца, Ўзбекистон 25 фоиз сув йўқотиши мумкин”, — дейилади яна бир прогнозда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Толибон” томонидан Қўштепа канали қурилиши Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини ўзгартиришини айтганди. “Толибон” эса Ўзбекистон Қўштепа каналидан зарар кўрмаслигига ваъда берган.
Изоҳ (0)