Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат ҳукумати иккинчи “тинчлик саммити”гача можарони ҳал қилиш режасини тақдим этишга умид қилаётганини айтди.
Украина жанг майдонида ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг кўплиги туфайли урушни имкон қадар тезроқ тугатишга интилади.
“Бизда кўп вақт йўқ, чунки жанг майдонида ярадорлар ва ҳалок бўлганлар кўп. Шунинг учун биз бу урушнинг йиллар давом этишини истамаймиз. Шу сабаб биз ушбу тинчлик режасини иккинчи саммитгача тайёрламоқчимиз”, деди у Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел билан бирга матбуот вакиллари учун ўтказилган қўшма учрашувда.
Зеленский яқин бир неча ой ичида тинчлик режаси ишлаб чиқилиши кераклигини қўшимча қилди. Украина ҳозирча Россия томони билан бу борада ҳеч қандай алоқага чиқмаган.
“Агар тинчлик режаси яширинча тузиладиган бўлса, унда буни бизга алоқаси йўқ. Биз буни очиқ қилмоқчимиз”, — деди Украина президенти.
15-16 июнь кунлари Швейцариянинг Бюргенсток шаҳрида Украина бўйича биринчи тинчлик саммити бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича 80 та давлат ва 4 ташкилот томонидан имзоланган коммунике эълон қилинди.
Россия томони таклифнома олган тақдирда ҳам тадбирда қатнашмаслигини билдирди. Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг саммитда иштирок этиши муҳимлиги ҳақида хабар берди, Украина бунга қарши чиқди. Шу билан бирга, коммюникеда можаронинг барча томонлари келажакдаги тадбирларда иштирок этиши зарурлиги таъкидланган.
Изоҳ (0)