Украинага қўшин юборган Европа давлатлари пойтахтига ядровий зарба берилади. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Медведев Ғарб қўшинларининг Украинага юборилишига Россия Вашингтон, Париж ва Лондонга ядровий зарба бериш билан жавоб қайтаришини айтди.
“Қўшинларни Украина ҳудудига жўнатиш бу давлатларининг тўғридан тўғри урушга киришига олиб келади ва биз бунга жавоб қайтаришга мажбурмиз. Украина ҳудудига эмас... Бундай ҳолда, уларнинг ҳеч бири Капитолийда ҳам, Елисей саройида ҳам, Даунинг-стрит 10’да ҳам яширина олмайди. Дунё фалокатга юз тутади. Айтганча, Кеннеди ва Хрушёв буни 60 йилдан кўпроқ вақт олдин тушунган. Аммо Ғарбда ҳокимиятни қўлга олган ҳозирги инфантил аҳмоқлар тушунишни хоҳламайди”, — деб ёзган Медведев.
Россия ядро қуролидан фойдаланиш бўйича машғулотлар ўтказади
Россия Мудофаа вазирлиги яқинда стратегик бўлмаган ядровий кучларнинг машғулотларини ўтказади. Тегишли буйруқ уларга Россия президенти Владимир Путин томонидан берилган. Кремлнинг билдиришича, режалаштирилган машғулотлар Ғарб расмийларининг Украинага қуролли кучларни юбориш ҳақидаги баёнотлари билан боғлиқ.
“Россия Қуролли кучлари олий бош қўмондони топшириғига биноан, стратегик бўлмаган ядровий кучларнинг жанговар топшириқларни бажаришга тайёрлигини ошириш мақсадида Бош штаб яқин кунларда ўқув машғулотларини ўтказишга тайёргарлик кўришни бошлайди. Машғулотлар давомида стратегик бўлмаган ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш амалиётини ўтказиш бўйича бир қатор тадбирлар ўтказилади”, — дейилади хабарда.
Машғулотларда Жанубий ҳарбий округнинг ракета тузилмалари, авиация ва денгиз кучлари иштирок этади.
Изоҳ (0)