Boeing компанияси 787 Dreamliner самолётини ишлаб чиқаришда янги муаммоларга дуч келмоқда. Россияга қарши санкциялар туфайли унинг қисмларидан бири етишмаяпти, деб The Wall Street Journal хабар берди.
Маълум бўлишича, кондиционер тизимлари учун иссиқлик алмаштирувчилари тақчиллиги кузатилмоқда. Санкциялар жорий этилишидан олдин улар HS-Nauka ОАЖ ва Американинг RTX Collins Aerospace қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган.
Россия-Украина уруши бошлангандан сўнг, бу корхона ёпилган ва ишлаб чиқариш АҚШ ва Буюк Британиядаги заводларга ўтказилган, аммо уларнинг қувватлари Boeing эҳтиёжлари учун етарли эмас.
Бу ҳолат нисбатан оддий узилишлар глобал таъминот занжирига қанчалик таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатади, — деб ёзади WSJ.
Boeing’нинг етарлича иссиқлик алмаштиргичларни ишлаб чиқара олмаслиги компания эндиликда режалаштирганидек кўплаб Dreamliner’ларни ишлаб чиқариш ва етказиб бера олмаслигини англатади.
Аввалроқ Boeing иссиқлик алмаштиргич муаммосидан ташқари, йўловчилар кабинаси учун ўриндиқларни ишлаб чиқаришда ҳам қийинчиликлар мавжудлигини билдирган.
Етказиб берувчилар, айниқса, бизнес-классдаги ўриндиқларга бўлган талабни моддий тақчиллиги ва сертификатлаш кечикиши туфайли қондира олмаган.
Изоҳ (0)