24 апрель куни президент Жо Байден томонидан имзоланган Украина учун АҚШнинг янги молиявий ёрдам пакети Қўшма Штатларга янги сармояларни жалб қилишга ёрдам беради. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Аризона штатининг Седона шаҳрида Маккейн институти томонидан ўтказилган форумда сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Демак, бу ёрдам тез орада етиб боради. Мазкур ёрдам АҚШга инвестиция ҳисобланади. Биз ўзимизнинг мудофаа саноат базамизга шу орқали инвестиция киритяпмиз, янги иш ўринлари яратяпмиз, шу билан бирга, Украинага ёрдам бериш имконига ҳам эга бўляпмиз. Бизнинг бу ҳаракатимиз ҳар томонлама фойдалидир”, деди Блинкен.
24 апрель куни Жо Байден Украинага 61 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни олти ойлик муҳокамадан сўнг имзолади. Қонунга кўра, Украинага ёрдам кредит асосида берилади. Тахминан 20 миллиард доллар АҚШ ҳарбий арсеналларини тўлдиришга, яна бир қисми эса Украина яқинида жойлашган АҚШ ҳарбийларини молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган. Киевга мустақил равишда қурол сотиб олиш учун 14 миллиард доллар ажратилган.
Изоҳ (0)