Темур Раҳмонов Ўзбекистоннинг Эстониядаги (қароргоҳи Рига шаҳрида жойлашган) элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, у 16 апрель куни ушбу давлат президенти Алар Карисга ишонч ёрлиқларини топширди. Расмий тадбирдан сўнг ўтказилган мулоқот чоғида Эстония президенти Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ривожланиб бораётганини юксак баҳолади ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Шунингдек, Эстония етакчиси Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи давлатга айланганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, у Ўзбекистон етакчисининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, жумладан, кўп йиллар давомида можароларга сабаб бўлиб келган чегара масалаларини ижобий ҳал этишдаги катта ҳиссасини алоҳида урғулади.
Тимур Раҳмонов 2024 йил 13 март куни Ўзбекистон элчиси сифатида Рига шаҳрига борган эди. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин у 2021—2024 йилларда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули бўлиб ишлаган.
Тимур Раҳмонов 2024 йил 17 июнь куни Ўзбекистон элчиси сифатида Латвия президенти Эдгарс Ринкевичсга, 2025 йил 11 февраль куни Литвадаги элчи сифатида ушбу давлат президенти Гитанас Науседага, 1 апрель куни эса Финляндиядаги элчи сифатида мазкур мамлакат президенти Александр Стуббга ишонч ёрлиқларини топширганди.
Изоҳ (0)