АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник боғлар ва тоза ҳавони тарғиб қилаётган фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини олқишлади. 3 май куни у АҚШ мустақиллигининг (бу сана — 4 июль, аммо дипломатик миссия уни эртароқ нишонлайди) 248 йиллигига бағишланган маросимда нутқ сўзлади. Тадбирда бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.
Ҳар йили АҚШ элчихонасидаги маросим турли мавзуда бўлиб ўтади. Бу йил “АҚШ миллий боғлари мавзусига бағишланиб, уларнинг биринчиси бундан 150 йилдан ортиқ аввал ташкил этилган”.
Ҳар йили 330 миллиондан ортиқ америкалик ва чет эллик сайёҳ Ёсемите, Еллоустоун, Гранд Канён ва бошқа кўплаб боғларимизда муҳофаза этиладиган ажойиб табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлишади. Дарҳақиқат, ёз ойларида оилангиз билан машинада миллий боғларни зиёрат қилиш мақсадида сафарга отланишдан ҳам ортиқроқ америкача анъана мавжуд эмас, — дейди элчи.
“Бироқ кўпчилик, эҳтимол, бимаган нарса шундаки, оддий, аммо инқилобий ғоя бўлмаганда, ушбу боғлар бугунги кунда мавжуд бўлмас эди. Бу ғояга кўра, ушбу ҳайратомуз манзаларалар имтиёзларга эга озчилик учун эмас, балки ҳамма учун бирдай тегишли бўлган хазинадир. Президент Франклин Рузвельт бу ғояга мана бундай ажойиб таъриф берганди: ‘Бизнинг миллий боғларимиздан ҳам ортиқроқ америкача ҳеч нарса йўқ… Миллий боғлар ортидаги асосий ғоя шуки, мамлакат халққа тегишлидир’ ”, — дейди Жонатан Ҳеник.
Элчининг таъкидлашича, бу боғларни барпо этиш осон бўлмаган. Экологлар ва табиатни муҳофаза қилувчилар ёғоч, тоғ-кон саноати, энергетика ва бошқа манфаатлар борасида баҳслашди ва охир-оқибат ғалаба қозонган. Натижада АҚШнинг миллий боғлари кўпинча Американинг “энг яхши ғояси” дея таърифланади ва ер ҳам худди эркинлик каби қадрланиши, ҳимоя қилиниши ҳамда ҳамма учун очиқ бўлиши керак, деган фикрни илгари суради. Бу гўзал қўриқхоналар нафақат табиат мўжизаларни сақлаб қолади, балки улар демократиянинг ҳам ўзига хос рамзи саналади.
Худди шундай жараён ҳозир Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон ватандошлари боғларни кўпайтириш ҳамда, албатта, ўзлари нафас олаётган ҳаво ва ичадиган сувни муҳофаза қилишни тарғиб қилишмоқда. Иқтисодий ўсиш ва табиатни асрашга бўлган эҳтиёжни мувозанатлаш осон иш эмас. Бунда нафақат ҳукумат, балки фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва ватандошларнинг ҳам фаол иштирок этиши зарур. Гап Ўзбекистон ҳақида бўладими ёки Қўшма Штатлар ҳақида бўладими, халқларимиз ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тегишли сиёсатни ишлаб чиқишда иштирок этиш эркинлигига эга бўлсалар, мамлакатларимиз янада кучлироқ ва атроф-муҳитимиз янада хавфсизроқ бўлиши аниқ, — дейди у.
Жонатан Ҳеник демократиянинг ўзи каби парвариш этилиши, ҳимоя қилиниши ва асраб-авайланиши керак бўлган боғлардан илҳом олишда давом этишга чақирди. “Келинг, биргаликда ушбу табиий манзаралардан баҳраманд бўлайлик ҳамда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам муносабатларга асос бўлган ва халқларимизни порлоқ келажак сари йўналтирувчи умумий мажбуриятларни эсга олайлик”, — дея якунлаган элчи.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўрмон фонди ерлари 1 миллион гектарга кенгайгани, 250 миллиондан ортиқ дарахтнинг рақамли харитаси яратилгани, Ўзбекистонда “Энг тоза маҳалла” танловини ўтказиш тартиби эълон қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)