Ўзбекистонда май ойининг учинчи якшанбаси кон ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида касб байрами арафасида Хитой Халқ Республикасининг “Huigongi (Hebei) Machinery Group Cо., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда “ҲГ-АММC” МЧЖ қўшма корхонаси қурилишига старт берилди.
Қўшма корхонанинг қурилиш ишларини бошлаш тадбирида Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти, “Ҳуигонг (Ҳебеи) Мачинерй Group Cо., Ltd.” компанияси президенти ва мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур қўшма корхона 2024 йилнинг январь ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи давомида эришган келишувлар натижаси ҳисобланади.
Оҳангарон туманида жойлашган ушбу корхонада “Тоғ-кон машиналари учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳанинг қиймати 23 миллион доллар бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 37,5 миллион долларни ташкил этади.
Ҳамкор компания томонидан тоғ-кон машиналари учун 282 дан ортиқ эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади. 150 та янги иш ўринлари яратилиб, лойиҳа Ўзбекистон саноат соҳасида янги ютуқларга эришишга ва иқтисодиётнинг ўсишига салмоқли ҳисса қўшади, — дейди тадбирда сўз олган масъуллар.
Маросимда ОКМК раҳбарияти, “Ҳуигонг (Ҳебеи) Мачинерй Group Cо., Ltd.” компанияси президенти ва нуронийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, лойиҳанинг қурилишига расман старт берилди.
Лойиҳа ва келгусидаги режалар ҳақида гапирган “Ҳуигонг (Ҳебеи) Мачинерй Group Cо., Ltd.” компанияси президенти Сун Силин бизнес қилиш учун нима учун айнан Ўзбекистонни танлаганига ҳам изоҳ берди.
Нимага биз Ўзбекистонни танладик, деган саволга жавоб берадиган бўлсам, энг аввало, юртингизда инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатлик ҳамкорлик алоқаларининг йилдан йилга ривожланиб бораётганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи ҳар икки томон ўртасидаги алоқларни янада мустаҳкамлади. Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг марказида жойлашганлиги, қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлиги ҳам бизни қизиқтиради. Ушбу лойиҳа ҳамкорлигимизнинг биринчи навбати ҳисобланиб, бугун ОКМК раҳбарияти билан яқин истиқболда амалга оширадиган бошқа лойиҳалар бўйича ҳам музокаралар олиб бордик. Бугун старт берилган лойиҳа ўйламанки, ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади, — деди у.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)