Туркия Ғазо секторидаги Исроил ҳарбий амалиёти туфайли Исроилдан маҳсулот олиб кириш ва экспорт қилишни бутунлай тўхтатди. Бу ҳақда исмини ошкор этмаган Туркия расмийларига таяниб, Bloomberg хабар берди.
Ушбу маълумотни Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац тасдиқлаган. Катз Х ижтимоий тармоғида Туркия қарори турк халқи ва бизнес вакилларининг манфаатларини ҳамда халқаро савдо келишувларини менсимаслик эканини ёзган. Унинг сўзларига кўра, Исроил зудлик билан Туркия билан савдонинг муқобилини яратмоқчи, янги етказиб берувчилар топиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш ниятида.
Аввалроқ Туркия Савдо вазирлиги Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва минтақага етарли миқдорда гуманитар ёрдам тўсиқсиз киришини таъминламагунига қадар Исроилга экспортни чеклашини маълум қилганди. Чекловлар 9 апрелдан кучга кирган ва 54 тоифадаги товарлар, жумладан, пўлат, керосин кабиларни ўз ичига олган.
Туркия статистика институти маълумотларига кўра, 2023 йилда Туркия ва Исроил ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6,8 миллиард долларни ташкил қилган. Бу миқдорнинг қарийб 76 фоизи Туркия экспортидан келган.
Изоҳ (0)