Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 1 ёшли қизалоқ дарахт босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Бахтсиз ҳодиса 3 май куни соат 11:50 ларда Чилонзор тумани, 5-мавзе, 16-уй олдида содир бўлган. Дарахт йиқилиши натижасида шу ердан ўтиб кетаётган энага 1969 йилда туғилган М.Й. томонидан болалар аравачасида (коляска) олиб кетилаётган 2023 йилда туғилган қизалоқни дарахт босиб қолган ва у ҳодиса жойида вафот этган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 3-қисми (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Текширишда сув қувурларини таъмирлаш ишларини амалга ошираётган ишчилар хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан, махсус техника ёрдамида қазиш ишларини олиб боришлари оқибатида бир туп дарахтнинг илдизи очилгани ва ўз вазнини кўтара олмай йиқилгани аниқланган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)