Ўзбекистон аҳолисига электр ва табиий газ ишлаб чиқарилган нархидан арзон сотилиши ҳисобига ҳосил бўлган камомад давлат бюджети ҳисобидан қоплаб келинади. Жорий йил мазкур субсидиялар учун 9,5 триллион сўм ажратиш белгиланган бўлса, биринчи чоракдаёқ 8,1 триллион сўми ўзлаштирилди. Бюджет сарфи шу зайлда давом этса, йил якунигача белгиланган субсидия миқдори кескин ошиб кетиши мумкин.
Бюджет қонунига кўра, 2024 йил учун ички бозорда табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш бўйича ихтисослаштирилган компания зарарларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштириш учун харажатларга 9,5 триллион сўм ажратилиши белгиланган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботида маълум қилинишича, бир йилга мўлжалланган маблағнинг 8 триллион 57 миллиард сўми (85 фоизи) жорий йилнинг I чорагида ўзлаштириб бўлинган.
2023 йилда республикада табиий газ олди-сотдиси ўртасидаги тақчилликни қоплаш учун давлат бюджетидан қарийб 18 триллион сўм тўлаб берилганди. Бутун 2022 йил давомида эса бюджетдан UzGasTrade АЖ томонидан табиий газни сотиб олиш ва сотиш ўртасида юзага келган зарарни қоплаш учун 6,7 триллион сўм миқдорида харажат қилинган.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳаджон Ҳайдаров “Дарё” мухбирига берган интервьюсида 2024 йилда газ олди-сотдисидаги тафовутни қоплаш миқдори пасайтирилишини айтиб, кейинги босқичларда субсидиялар қисқартириб борилишини таъкидлаган.
“Субсидиялардан бўшаган пуллар ижтимоий соҳага ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига сарфланади”, — деган вазирлик расмийси.
Прогнозларга қараганда, табиий газ нархларидаги тафовут учун давлат бюджетидан 2025 йилда 6 триллион сўм, 2026 йилда 5 триллион сўм субсидиялар ажратилади.
Ўзбекистонда 2023 йил 1 октябрдан бизнес учун, жорий йилнинг май ойидан аҳоли учун электр ва газ тарифлари оширилди. Бундан икки ҳафта илгари энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов электр ва газ тарифлари кўтарилгани ҳисобига 2024 йилда энергетикага давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдори камайишини айтди. Бироқ ҳозирги ҳолат буни аксини кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатда газ қазиб олишни кўпайтириш учун юзлаб миллион долларлик лойиҳаларга маблағлар ажратилмоқда. Аммо натижа кутилганидек бўлмай, газ қазиш ҳажми камайиб бормоқда. Масалан, 2023 йилда республикада сўнги етти йил ичидаги энг кам — 46,7 миллиард метр куб газ қазиб олинди. Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ҳам газ қазишда сезиларли қисқариш кузатилиб, 15,3 миллиард куб метр табиий газ қазилди. Ўтган 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида бу рақам 16,3 миллиард кубни ташкил қилган. Бир йиллик қисқариш — 964,8 миллион куб метр.
Газ қазишнинг қисқариши ва демографик ўсиш фонида импорт ҳажми йилдан йил ортишда давом этяпти. Масалан, 2020 йилда 50,4 миллион долларлик, 2021 йилда 154,5 миллион долларлик, 2022 йилда 281,9 миллион долларлик газ импорт қилинган. 2023 йилда эса газ импорти ҳажми қолган йиллардагига қараганда сезиларли ошиб, 694,9 миллион долларга етган. Бу йил импорт рекорди янгиланиши кутилмоқда.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, Ўзбекистондаги 85 фоиз конлардан табиий газ қазиб олиб бўлинган.
“Ҳозир конларга борган сари чуқур кириб борилмоқда. Улардан газ қазиб чиқаришда сиқув компрессор станцияларида муаммолар юзага келиб, қўшимча вақт ва харажат кетмоқда. Бунинг оқибатида маҳсулот таннархи ошмоқда. Технологияда конларга қанчалик чуқур кетгани билан баъзи натижалар биз ўйлагандек бўлмаяпти. Эскирган технологик ускуналаримизда авариялар кўпайган. Уларни вақтида модернизация қила олмаганимиз сабабли компрессор станциялардаги агрегатларда тўхташ ҳолатлари бор. Тизимда 4 ой ичида 333 та техник носозликлар бўлди”, — деган вазир UzReport TVга берган интервьюсида.
Газ қазиб олиш ҳажми қисқаришда, импорт улуши ортишда давом этаркан, орадаги тафовутни қоплашга бюджетдан ажратиладиган субсидиялар ҳали бери тўхтатилмайдиган кўринади. Чунки импорт нархлари очиқланмаяпти, оширилган газ нархларидан тушган маблағлар “ишлаб чиқариш харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун” сарфланиши айтиляпти.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳолатга муносабат билдирар экан, тизимга “зараркунанда модел” дея таъриф берди.
Зараркунанда модел моҳиятига кўра, шонли энергетиклар ажратилган субсидияни қанча тез чайиб тугатишса, яна бюджетдан қўшимча субсидия ажратилади. 2022 йилда шундай бўлган, 2023 йилда шундай бўлган. Бу субсидияхўрлар аллақачон шунга кўникиб бўлишган. Янги тарифлар кучга кирганига, тарифлар кескин оширилганига 1 ой бўлди. Сиз бирорта энергетикдан, уларнинг устози-ю шогирдларидан, “бўлди, субсидия олишдан воз кечамиз”, деган гапни эшитдингизми? Бўпти, бу шоввозлар ҳеч қачон бюджетни эмиб ўзлаштиришдан ўз ихтиёрлари билан воз кечишмайди. Ҳукумат, бирорта иқтисодий комплексдаги амалдор, парламентдаги бирорта чўнтак партия, майли масхарабози бўлса ҳам, шу талабни қўйдими? Бирортаси, “тўхта, ёпиқ бассейн УзГазтраде олигархларга совға қилиб юборилган ўзимизнинг конлардан қазилган газни қанчадан оляпти, шимолдан келяпти дейилган газ қанчадан тушяпти”, деган масалани кўтардими? Ҳа деса, ўтмишга тош отадиган ёшулли сенаторларимиз нега жим? — дея пост қолдирди иқтисодчи Telegram каналида.
2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 34,9 миллиард долларга етди. Бунда қарзлар миқдори кутилган кўрсаткичдан (32,1 миллиард доллар) 2,8 миллиард долларга кўпроқ ўсган. 2023 йил якуни бўйича жами қарзларнинг 33 фоиздан ортиғи давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган. Ўтган йили олинган давлат қарзининг (4,5 миллиард доллар жалб қилиниши белгиланган) катта қисми газ ишлаб чиқариш (импорти) ва сотиш ўртасидаги етишмовчиликни қоплашга сарфланиши айтилганди.
Прогнозларга кўра, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2024 йилда 37 фоиз, 2025 йилда 37,4 фоиз, 2026 йилда 37,9 фоиз атрофида бўлади.
Изоҳ (0)