Глобал Финанcе журнали дунёнинг энг қашшоқ давлатлари рейтингини эълон қилди. Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида етакчиликни қўлга киритди.
Дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари фуқаролар уруши, этник ва динлараро низолардан азият чекмоқда. COVID-19, ўсиб бораётган инфляция ва Украинадаги уруш уларнинг аҳволини янада ёмонлаштирган.
Қашшоқ мамлакатларни аниқлашда аҳоли жон бошига ЯИМ кўпинча мезон сифатида қўлланилса-да, харид қобилияти паритетидан (ППП) фойдаланиш ҳар бир мамлакатда жисмоний шахснинг харид қобилиятини аниқроқ баҳолаш имконини беради. ППП валюта курслари ва инфляциядаги фарқлардан қатъий назар, турли мамлакатларнинг кўрсаткичларини ягона валютада солиштиришга хизмат қилади.
“Узоқ муддатли қашшоқликнинг ягона сабабини аниқлаш қийин. Коррупциялашган ҳукумат бадавлат мамлакатни камбағал давлатга айлантириши мумкин”, — дейди рейтингни тузган журналистлар.
Рейтингга кўра, Ўзбекистон 190 та ўрин ичида 67-ўринни эгаллаган. ЯИМ кўрсаткичи йилига киши бошига 10,9 минг долларни ташкил этган. Ўрин қанчалик баланд бўлса, мамлакат шунчалик қашшоқроқ бўлади. Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон 43-ўрин (5,8 минг доллар), Қирғизистон 48-ўрин (6,8 минг доллар), Туркманистон 101-ўрин (19,7 минг доллар), Қозоғистон 128-ўринни (34,5 минг доллар) қайд этган.
Дунёдаги энг қашшоқ давлатлар қаторига Жанубий Судан (455 доллар), Бурунди (916 доллар) ва Марказий Африка Республикаси (1132 доллар) кирган.
“Дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида бизнес юритиш ва ишчиларни иш билан таъминлаш учун ижтимоий ҳимоя тизими ёки вақтинчалик кредитлар йўқ эди”, — дейилади хабарда.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда талабаларнинг ҳозирги авлоди келажакдаги ўртача йиллик даромадининг 10 фоизигача йўқотиши мумкин.
“Дунёдаги энг бой 10 та давлатда аҳоли жон бошига ўртача йиллик харид қобилияти 110 000 доллардан ошади, 10 та энг камбағалида эса 1500 доллардан кам. Ёмон жиҳати шуки, қашшоқлик кўпинча қашшоқликни кучайтириши мумкин”, — дея хулоса қилади рейтинг тузувчилар.
Изоҳ (0)