Майк Тайсон ва Жейк Пол ўртасидаги ҳар бири икки дақиқадан саккиз раундга мўлжалланган профессионал мақомга эга бокс жанги бугун, 16 ноябрь куни АҚШнинг Техас штати, Арлингтон шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу қарама-қаршилик Netflix стриминг платформаси орқали трансляция қилинди.
8 раунд давом этган жангда блогер-боксчи Жейк Пол тўлиқ устунлик қилди ва афсонавий боксчи устидан ғалаба қозонди. 58 ёшли Тайсон жанг давомида кўпроқ ҳимояланди ва фаол зарбаларни амалга оширмади.
Шундай қилиб Тайсон фаолиятидаги 7-мағлубиятини қабул қилиб олди. Жейк Пол эса ўзининг 11-ғалабасини қўлга киритди.
Шу йилнинг июль ойида 27 ёшли Жейк Пол собиқ UFC жангчиси Майк Перрини олтинчи раундда нокаутга учратиб, профессионал рингдаги ўнинчи ғалабасини қўлга киритган эди.
58 ёшли Майк Тайсон ўн беш йиллик танаффусдан сўнг 2020 йилнинг ноябрь ойида 54 ёшли кичик Рой Жонсга қарши кўргазмали бокс жангини ўтказиб, дуранг қайд этганди.
Жейк Пол 1997 йил АҚШнинг Огаё штатида туғилган. Профессионал бокс билан шуғулланувчи блогер YouTubeдаги канали билан машҳур. У платформадан энг кўп даромад олувчи блогерлардан бири ҳисобланади.
Унинг боксдаги фаолияти 2018 йил август ойида Дежи Олатунжи билан ўтказилган “wҳите-cоллар” бокс мусобақасида техник нокаут билан ғалаба қозонган ҳолда бошланди. Унинг профессионал боксдаги дебюти 2020 йил январь ойида блогер Анесонгибга қарши бўлиб ўтди. Кейинчалик у собиқ баскетболчи Нейт Робинсон, собиқ MMA жангчилари Бен Аскрен, Tayron Вудли (икки марта), Андерсон Сильва ва Нейт Диас, шунингдек, профессионал боксчилар Андре Август ва Райан Боурландни мағлуб этди. 2023 йил февраль ойида Пол фаол профессионал боксчи билан илк жангида Томми Фьюридага ютқазди. 2021 йилда Пол ўзининг маслаҳатчиси Накиса Бидариан билан биргаликда Мост Валуабле Промотионс номли бокс промоушен компаниясини ва Жеффри Ву билан биргаликда Анти Фунд номли инвестицион компаниясини ташкил қилди.
Майк Тайсон — таниқли америкалик боксчи ва оғир вазн тоифасида тарихдаги энг кучли жангчилардан бири ҳисобланади. Унинг боксдаги фаолияти 1980 йиллар охири ва 1990 йиллар бошида энг юқори чўққисига етган. Тайсон профессионал рингда ўзининг кучли зарбалари ва агрессив жанг услуби билан танилган. У 1986 йилда, атиги 20 ёшида, оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлиб, бундай ютуққа эришган энг ёш боксчига айланган. У WBC, WBA ва IBF чемпионлик камарларини бирлаштирган ва “Дунёдаги энг қўрқинчли одам” лақабини олган.
Майк Тайсон фаолияти давомида 58 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 50 тасида ғалаба қозонган (44 таси нокаут билан) ва 6 тасида мағлуб бўлган эди ва бугун 7-мағлубиятини қабул қилиб олди.
Изоҳ (0)