Тайван қуролли кучлари “Han Kuang” ўқув машғулотлари доирасида пойтахт Тайбей метроси бўйлаб манёвр амалиётларини бажарди. Жумладан, ҳаво таҳдидларига қарши Stinger кўчма зенит ракета мажмуалари билан қуролланган ҳарбий хизматчилар бир бекатдан бошқасига ҳаракатланди.
Метро инфратузилмаси, агар орол Хитой босқинига учраган тақдирда, қўшинлар ҳаракати ва таъминоти учун тез, шу билан бирга хавфсиз йўналиш бўлиб хизмат қилиши мумкин. Чунки ер устидаги муҳим объектлар оммавий зарбаларга учраши муқаррар.
Шаҳар шароитидаги жангларга тайёргарлик Тайван учун янгилик эмас. Улар буни мунтазам равишда амалга оширади. Буни орол ҳудудининг кичиклиги, асосий кураш эса Тайбей каби йирик шаҳарлар учун кечиши мумкинлиги билан изоҳлаш мумкин. Тайван пойтахтида қарийб 3 миллион аҳоли истиқомат қилади.

Тайван қуролли кучлари эҳтимолий агрессия шароитида қандай ҳаракатланишни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Han Kuang” ўқув машғулотлари доирасида машқ қилди. Бу йилги машғулотлар тарихда энг йириги бўлиб, бутун оролни қамраб олган. Унга нафақат ҳарбийлар ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар, балки фуқаролар ҳам жалб этилган. Бошқача айтганда, у бутун жамиятни мудофаага тайёрлашга урғу беради.
Соҳилни Хитой десант қўшинларидан муҳофаза қилиш, учиш-қўниш йўлакларини тезкор таъмирлаш, стратегик объектларни ҳимоялаш, шаҳар шароитида бўлинмалар дислокацияси кабилар машғулот кун тартибидан ўрин олган. Улар Хитой Тайванни босиб олиш учун куч қўллаши ва буни 2027 йилда амалга ошириши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида ўтказилмоқда.
Тайван мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, машғулотлардан мақсад “ер ости инфратузилмасидан фойдаланиб қўшинлар ва таъминотни қайта жойлаштириш, ҳарбийлар ҳамда фуқаролар ҳамкорлигида мудофаа имкониятларини намойиш этиш, шунингдек, миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш” ҳисобланади.
Focus Taiwan хабарига кўра, машғулотларнинг метрога оид қисмига ҳарбий полиция хизматчилари жалб этилган. Улар Stinger тизимлари, пулемётлар, 40 мм калибрли гранатомётлар ва танкка қарши ракеталар билан ҳаракатланишган. Ҳарбийлар ўз маҳоратини метронинг Shandao Temple ва Longshan Temple бекатлари орасида синовдан ўтказган. Бу вақтда мазкур икки бекат аҳоли учун ёпиқ бўлган.
Тармоқларда эълон қилинган кадрларда аскарлар оддий йўловчи вагонларидан фойдалангани, шунингдек, техник хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган сариқ рангли рельс машиналарида ҳаракатланганини кўриш мумкин.

Тайбей метроси 150 км узунликка чўзилган, жами 135 та бекатдан иборат мураккаб инфратузилма ҳисобланади. У Хитой билан эҳтимолий уруш шароитида потенциал логистика йўналиши ўлароқ хизмат қилиши мумкин.
Ҳарбий экспертларнинг тахмин қилишича, Хитойнинг оролга эҳтимолий босқини пойтахт ва бошқа шаҳарлардаги ҳукумат ва ҳарбий объектларга ҳаводан интенсив зарба бериш ва шу орқали десант амалиётига йўл очиш билан бошланади. Тайван мазкур сценарийнинг реал хавф эканини инобатга олиб, кўриладиган зарарни минималлаштириш учун ер остида жойлашган инфратузилмадан кенг фойдаланади.

Жумладан тайванликлар метродан фойдаланган тақдирда, қўшимча ҳимояни қўлга киритади. Қолаверса, уларни ҳаводан кузатиш имконсиз бўлади. Бўлинмалар метро бекатларидан кутилмаганда чиқиб, душман кучларига қарши жанг бошлаши ва кейин яна ортга қайтиб яшириниши мумкин. Stinger каби кўчма ҳаво мудофаа эса уларга нафақат қуруқлик, балки ҳаво таҳдидларини ҳам зарарсизлантириш имконини беради.

Бироқ машғулотлар фақат метро билан чекланмаган. Тайванликлар шаҳар шароитидаги жанглар учун тайёргарлик доирасида ниқобланиш, яширин ҳаракат ва чалғитиш каби тактикаларни ҳам синовдан ўтказмоқда. Бу ҳарбий техникаларни урбанизациялашган ҳудудга хос унсурлар рангида бўяш каби тактикаларни ҳам ўз ичига олади.
Изоҳ (0)