Тошкент вилоятидаги чегара божхона постидан 1,1 млрд сўмлик телефонларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганлар қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар берди.

“Навоий” чегара божхона постида 180 дона iPhoneʼни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга уринган тўрт киши тўхтатиб қолинди.
Улар қўшни давлатдан чегарага пиёда ҳолда кириб келган. Белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказиш жараёнида “йўловчи”ларнинг бел қисми ва қўл юклари орасидан телефонлар топилган. Маълум қилинишича, улар мобил қурилмаларни хуфиёна тарзда, яъни бож тўламасдан олиб ўтмоқчи бўлган.

“Ашёвий далил сифатида олинган мазкур телефонларнинг умумий қиймати, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 млрд 80 млн сўмни ташкил этмоқда”, дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб бориляпти.

Жорий йил ўтган даврида божхона ходимлари жами қиймати 16,4 млрд сўмлик 44 мингдан ортиқ телефонларни чегарадан ноқонуний олиб киришга уринишларни тўхтатган.
Маълумот учун, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Навоий” чегара божхона пости (Зангиота чегара ўтказиш пункти) жорий йил 27 январдан синов режимида иш бошлаган.
Изоҳ (0)