Колумбия университети олимлари одамнинг ноёб ген мутациясини қайта яратиб, лаборатория ҳайвонларида деярли барча вирусларга қарши универсал ҳимоя усулини кашф этди. Бу ҳақда Science Translational Medicine журналидаги тадқиқот мақоласига таяниб, Anadolu хабар берди.

Гап ISG15 гени етишмовчилигига доир мутация (ўзгариш) ҳақида кетмоқда. Бу мутацияга эга одамларда иммун тизими доимий фаол бўлади, шунинг учун улар грипп ёки қизамиқ каби вирусларни юқтирганда ҳам касаллик фақат енгил аломатлар билан ўтиб кетади. Тадқиқот муаллифи, Колумбия университети иммунологи Душан Богунович шундай деди:
“Агар бошқаларда ҳам шу турдаги мутацияни юзага келтира олсак, одамларни деярли барча вируслардан ҳимоя қилиш мумкин бўлади”.
Олимлар mRNA технологияси ёрдамида сичқон ва оғмахонларда вақтинчалик ISG15 етишмовчилигини ҳосил қилган. Натижада ҳайвонларнинг танасида 10 та махсус оқсил ишлаб чиқарилиб, улар вирусларни турли босқичларда блоклаб қўйган.
Синовларда SARS-CoV-2 (коронавирус) билан ҳам тажриба ўтказилиб, оқсиллар инфекцияни чеклашга муваффақ бўлган. Ҳимоя таъсири 4 кунгача сақланган. Мутахассислар бу усул келажакда, айниқса тиббиёт ходимлари учун, қисқа муддатли ҳимоя воситаси бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ олимлар бу технология ҳали синов босқичида эканини ва инсонларда қўллаш учун бир оз вақт кераклигини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)