Шиддат билан ўтадиган ҳаёт тарзи, доимий қаергадир шошиш ва руҳий босим инсон саломатлигига, хусусан юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатиши барчага аён. Тиббиёт мутахассислари фикрига кўра, сурункали стресс юрак фаолияти учун энг кўп хавф туғдирадиган омилдир. Кардиолог Иосиф Шубитидзе юракни ҳимоя қилишнинг самарали усуллари ҳақида сўзлаб берди.

Сурункали стресс ва юрак саломатлиги ўртасидаги боғлиқлик
Стресс организмда симпатик асаб тизимини фаоллаштиради, натижада юрак уриш тезлиги ва қон босими ортади. Стресс узоқ давом этган ҳолларда сурункали яллиғланиш жараёнлари юзага келиб, қонда холестерин ва глюкоза миқдори ошади. Бу эса юрак-қон томир тизими учун хавфли омил ҳисобланади.
Мутахассиснинг фикрича, доимий стресс остида яшовчи инсонлар кўпинча чекиш, нотўғри овқатланиш ва жисмоний ҳаракатсизлик каби зарарли одатларни ўзида жамлайди. Бу каби турмуш тарзининг давом этиши эса инфаркт, гипертония, ишемик касаллик, аритмия ва кардиомиопатия каби касалликларнинг ривожланиш хавфини оширади.
Юракни ҳимоя қилиш бўйича мутахассис тавсиялари
Юрак фаолиятини стресс таъсиридан ҳимоя қилиш учун кардиолог қуйидаги профилактик чораларни таклиф этади:
медитация, чуқур нафас олиш машқлари, ёга билан мунтазам шуғулланиш;
стресс билан курашишда психолог ёки психотерапевт ёрдамини олиш;
доимий жисмоний фаоллик орқали юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаш ва эндорфинлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш;
соғлом ва мувозанатли овқатланиш: рационда сабзавотлар, мевалар, бутун дон маҳсулотлари, ёғсиз оқсиллар ва фойдали ёғлар бўлиши керак;
уйқу гигиенасига риоя қилиш: етарли ва сифатли уйқу (суткасига 7–9 соат) юрак саломатлиги учун муҳим ҳисобланади;
туз, шакар ва тўйинган ёғлар истеъмолини чеклаш;
чекиш ва алкоголни чеклаш ёки бутунлай воз кечиш;
яқин инсонлар билан эмоционал боғлиқликни сақлаш;
мунтазам тиббий кўриклардан ўтиш. Бу юрак фаолиятидаги мумкин бўлган муаммоларни эрта аниқлаш имконини беради.
Юрак саломатлигини асраш учун нафақат дорилар ёки муолажалар, балки соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш ҳам муҳим. Кардиолог Шубитидзенинг таъкидлашича, ҳар бир инсон ўз кундалик одатларини таҳлил қилиб, стрессга олиб келувчи сабабларни камайтиришга ҳаракат қилиши лозим.
Изоҳ (0)