Uber йўловчи ташиш хизмати аёл йўловчиларга эркак ҳайдовчилар билан сафарга чиқмаслик имконини берувчи янги функцияни тақдим этди.

Хизмат 2025 йил августидан Қўшма Штатларда синов тариқасида ишга туширилади. Фойдаланувчи ҳар доимгидек машина тоифасини танлайди (эконом ёки комфорт), бироқ буюртма беришдан олдин ҳайдовчи сифатида аёл кишини маъқул кўришини ҳам белгилаб ўтади. Эркакларга бундай хизматдан фойдаланиш имкони берилмайди. Аёл ҳайдовчилар ҳам фақат аёл йўловчиларни қабул қилишни танлаш ҳуқуқига эга.
Uber янги хизмат йўловчилар ва ҳайдовчиларнинг хавфсизлиги ҳамда қулайлигини таъминлаш мақсадида яратилганини таъкидлади. Компания мазкур функцияни дастлаб Лос Анжелес, Сан Франциско ва Детройт шаҳарларида синовдан ўтказади. Шунингдек, компания ушбу хизмат илгари Франция, Германия ва Аргентинада ҳам синовдан ўтказилганини маълум қилди.
Аввал ҳам Uber томонидан гендер бўйича танлов таклиф этиладиган бошқа хизматлар таклиф этилган. Масалан, 2019 йилда Uber Саудия Арабистонида аёллар машина ҳайдаш ҳуқуқини қўлга киритганидан кейин, аёл ҳайдовчиларни танлаш хизматини жорий қилган. Кейинчалик бу дастур тахминан 40 та давлатда амал қила бошлаган. 2015 йилда компания ўтказган сўровномада АҚШдаги ҳайдовчиларнинг қарийб 20 фоизи аёллар эканлиги аниқланган.
Сўнгги йилларда Uber хавфсизликни ошириш мақсадида турли функцияларни жорий қилган, хусусан, ўсмирлар учун алоҳида аккаунтлар ва йўловчини PIN-код орқали тасдиқлаш имконияти ҳам йўлга қўйилмоқда.
Изоҳ (0)