Бугунги қаҳрамонимиз Дилором Йўлдошева ҳақида эшитгандирсиз. У ўзбек аёллари ичида илк бор BBC’нинг дунёни илҳомлантирувчи ва таъсирга эга 100 нафар аёллари рўйхатига киритилди. Ушбу рўйхатга Буюк Британия, Америка қўшма штатлари, Ҳиндистон каби дунёнинг турли нуқталарида яшовчи ҳаёти билан одамларга ўрнак бўла оладиган энг матонатли аёллар ўрин олган. “Дарё” мухбири Сурхондарёга сафар қилиб, тилларда достон бўлган оддий қишлоқ аёли Дилором Йўлдошева билан суҳбатда бўлди.
[video id=“HOzsqccdvYk” type=“youtube”]
1984-йил Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. 1-гуруҳ ногирони, 3 фарзанднинг онаси. Имконияти чекланган бўлса-да, у 40 га яқин қиз-аёлларни иш билан таъминлаб, кичик тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйган. Қаҳрамонимиз шу йилнинг 13 ноябрь куни Президентимиз фармони кўра, “Мардлик” ордени билан тақдирланди
“Отам бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган”
— Оддий қишлоқ оиласида дунёга келганман. Отам раҳматли электромонтёр эди. 2002 йили устундаги носоз симларни тўғрилаётганида ток уриб вафот этган.
Мактабда ўқишдан кўра, ҳунар ўрганишга кўпроқ қизиқардим. Тикувчилик сирларини ўрганиб, ўзим ва яқинларимга кўйлаклар тикиб берди. Институтда ўқишга шароитимиз бўлмади. 2006 йили катта рўзғорли оилага келин бўлиб тушдим. Қайнона-қайнотанинг хизмати ва дала ишларидан ортиб, севимли ҳунарим билан шуғулланишга вақтим бўлмади. Кетма-кет учта фарзандли бўлдим. Ҳаммаси рисоладагидек эди, аммо кутилмаганда содир бўлган фожиа ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди.
“Сонияда комбайн мени ўзига тортиб олди”
— Оиламиз деҳқончилик билан шуғулланади. Макка, пиёз эккандим, бошқа пайт эса қиз, аёллар билан қўшилиб, чопиқ ишларига чиқардик. 2021 йили макка экканмиз ва уни ўриш учун комбайн машинасини чақирганмиз. Макка ёнидаги ерга озгина пиёз ҳам эккандик. Бахтсиз ҳодиса рўй берган куни тандирда нонларни ёпиб, пиёзларни ўтдан тозалаш учун боргандим. Қарасам комбайн айрим ерларни ўрмаяпти, “Шунчаси майдаланмаяпти, увол бўлади”, деб уларни ўроқда олиб, комбайн тишлари орасига солиб тургандим. Болалар қизиқиб, комбайн машинасига чиқиб олишганди. Ўша куни қуёшда қорайиб кетмаслик учун узун, тугмачали халат кийиб олгандим. Унинг бир учи комбайн тишини илашиб қолди ва у катта куч билан мени ўзига тортиб олди. Бақиришга ҳам улгурмадим, кўзимни очганимда, мен комбайн устида ўтирардим, аммо бу ҳолат ҳам узоқ давом этмади. Комбайн парраги айланиб мени бир неча метр узоқликка улоқтирди.
Турмуш ўртоғим ва яқинларим югуриб келиб, тез ёрдам машинасини ҳам кутмай, касалхонага олиб боришди. Менинг бир оёғим йўқ, иккинчиси эса яхшигина жароҳат олганди. Бу воқеада менинг ҳам, комбайн ҳайдовчисининг ҳам айби бўлди. Иккимиз эътиборсизлик қилдик.
“Иккинчи оёқни ҳам олиб ташлаймиз”
— Гапиролмасдим, кўзимни очолмасдим, аммо бўлаётган барча гап сўзларни эшитиб турардим. Шифокорлар иккинчи оёғимни сақлаб қолиш ҳақида гаплашишди. Операция бир неча соат давом этди. Ўзимга келиб аста кўзимни очдим ва атрофимдаги аёллар “Ҳозир иккинчи оёғи ҳам олиб ташланганини билса, жанжал қилади”, дейишаётганини эшитдим. Билдимки, иккинчи оёғимни ҳам олиб ташлашибди. Кейин билсам жароҳат сабаб, иккинчи оёқ гангрена бўлиб кетиши мумкин экан. Жанжал қилмадим, чунки бундай фойда йўқ эди.
Мени кўриш учун бутун қишлоқ аҳли келди, ҳамманинг назарида мен йиғлаб, сиқилишим керак эди. Аммо ўзимни қўлга олдим, шифокорнинг “Омади кулган инсон экансиз, ундай комбайнга одамни ютиб юбориш ҳеч нарса эмасди. Сиз тирик қолдингиз”, деган гапи куч бағишлади.
“Турмуш ўртоғимга уйланишни таклиф қилдим”
— Қишлоқ шароитида яшаш осонмас. Қайнонам вафот этган, катта овсиним онамиздек бошимизни бирлаштириб турарди. У мактабдаги ишини ташлаб, ўзининг уй ишларига қўшиб, менинг ҳам хизматимни қилди. Чунки бир йилга яқин ўрнимдан туролмадим. Менга ҳам бир қаровчи керак эди. Кундузи болаларга яхши кайфиятда кўринардим, аммо тунда тушкунликка тушардим. Турмуш ўртоғим билан ёлғиз қолганда “Мен розиман уйланинг, яхши аёл бўлса, болаларга ҳам қарайди, хизматингизни қилади”, дедим. Аммо турмуш ўртоғим унамади ва койиб берарди. “Пешанамга ёзгани бўлади, қийин кунларни бирга енгамиз”, деган далдаси менга катта куч берди. Яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши сабаб тезда оёққа турдим, яшашга бўлган умидим уйғонди.
“Ярим жон бўлсанг ҳам...”
— Уйимизнинг қурилиши ҳали битмаган эди. Топгани рўзғордан ортмаётган турмуш ўртоғимга ёрдам бергим келди. Менга Параолимпиада ўйинларида иштирок этиш ва ғолиб бўлсам пул берилиши ҳақида айтишди. Аммо бу гап онамга ёқмади. “Ярим жон бўлсанг ҳам болаларингнинг ёнида бўл, уларга кераксан”, деди. Шундан кейин тикувчилик билан шуғулланишни бошладим. Аммо тикув машиналарим жуда эски эди, субсидия асосида тикув машиналарини олдик ва эски ҳунарим билан шуғулланишни бошладим. Юзим ёруғ бўлиб, рўзғоримизга барака кирди. Шу аҳволда ҳам одамларга ёрдамим тегаётгани мени руҳлантирди.
“Мен ногирон эмасман”
— Мен ҳақимда ҳужжатли фильм суратга олишди ва у BBСга юборилибди. Орадан анча вақт ўтиб, қувончли хабарни айтишди. Мени кўргани жуда кўп одамлар кўргани келди. “Мардлик” ордени билан тақдирландим. Ҳозир 40 дан ортиқ шогирдларим бор, битта машинам бир нечта бўлди. Рўзғоримга барака кирди ва кўплаб аёлларнинг ҳунарли бўлишига сабабчи бўляпман.
Мен ногирон эмасман, оёғим бўлмаса ҳам қўлим бор, ақл-ҳушим жойида. Шунисига ҳам минг шукр.
Видеони “Дарё”нинг YouTube’даги каналида тўлиқ ҳодиса томоша қилишингизни тавсия қиламиз.
Изоҳ (0)