Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида пиёдаларга йўл бериб, кортеж йўлини тўсган автомобиль ҳайдовчиси 3 миллион 750 минг сўм жаримага тортилиб, машинаси жарима майдончасига жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Дарё” ҳолатга ойдинлик киритиш учун Бухоро вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) билан боғланди.

Бухоро вилояти ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта инспектори Шукуруллаев Улуғбекнинг билдиришича, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра, пиёдалар ёки ҳаракат иштирокчилари махсус сирена товушини эшитгандан сўнг тўхташи, транспорт воситалари эса четга ўтиши шарт ҳисобланади.
Шу туфайли транспорт воситаси ҳайдовчиси Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати қоидасининг 128-5-моддасини бузган деб топилган ҳамда маъмурий баённома расмийлаштирилган. Унга кўра, ҳайдовчига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача (3 миллион 750 минг сўм) жарима қўлланган.
- Ўзбекистон Республикаси йўл ҳаракати қоидасининг 128-5-моддаси транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиш базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч ойгача муддатга маҳрум этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори:
Тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи майоқчалар ва махсус товушли ишораси ёқилган транспорт воситалари яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлари эса ушбу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак.
Катта инспекторнинг қўшимча қилишича, мазкур ҳолат бир неча ой олдин содир бўлган бўлиб, ҳозирда вазият қайта ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)