Буюк Британия Европа Иттифоқининг Россия нефти нархини пасайтириш тўғрисидаги қарорига қўшилди. Мамлакат Молия вазирлигининг баёнотига кўра, нархнинг юқори чегараси бир баррел учун 60 доллардан 47,6 долларгача туширилади.

“Лондон ва унинг ЕИдаги иттифоқчилари Москвага босимни кучайтирмоқда. Россия нефтига “юқори нарх чегараси” бир баррел учун 60 доллардан 47,6 долларгача туширилади”, дея маълум қилди мамлакат молия вазири Рейчел Ривс G20 давлатлари молия вазирлари йиғилишида.
Аввалроқ Европа Иттифоқи ҳам худди шундай қарор қабул қилган эди. Шунингдек, ЕИ Россия хом нефтидан олинадиган нефть маҳсулотларини ҳар қандай учинчи давлатдан импорт қилишни тақиқлади. Бунда фақат Канада, Норвегия, Швейцария, Буюк Британия ва АҚШ истисно ҳисобланади.
Reuters агентлигининг хабар беришича, трейдерлар Европа Иттифоқининг янги санкциялари Россия нефть экспортига жиддий таъсир кўрсатишига шубҳа қилмоқда.
Изоҳ (0)