Шавкат Мирзиёев фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. 30 август куни Кўксаройда ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Шавкат Мирзиёев барчани аввало Мустақиллик байрами билан, йиғилганларни давлатимизнинг юксак мукофотлари билан табриклади. Мамлакатда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида сўзлади.
“Биз нима учун меҳнат қиляпмиз? Халқимиз тинч ва фаровон яшаши учун, фарзандларимизнинг бахт-у камоли учун. Инсон қадри деган ҳаракатни бошлаганмиз. Бу ҳаракатни, катта-катта мақсадларимизни жойларда ким амалга оширади? Сизларга ўхшаган фидойи, ватанпарвар, кучли инсонлар! Сизлар — қаҳрамонсизлар, ёшларимизга намунасизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман ва халқимиз номидан раҳмат айтаман”, деди президент.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон катта тараққиёт йўлига чиқиб олганини дунё ҳам эътироф этяпти. Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир нечта резолюциялари қабул қилинди. Йирик сиёсий ва иқтисодий форумларда илгари сурилган кўплаб ташаббуслар халқаро жамоатчилик томонидан катта эътибор билан қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.
“Меҳнаткаш, фидойи юртдошиларимизни мен ўзимнинг энг яқин қадрдонларим, садоқатли сафдошларим деб биламан. Бугун Ватанимизга жонкуяр, ўзини эл-юрт тақдирига дахлдор деб биладиган инсонлар янада кўпроқ керак. Бошқаларни, айниқса, ёшларимизни ортидан эргаштира оладиган, эртанги кунга ишонтирадиган, жамиятни бирлаштирадиган одамлар керак. Чунки эл ишончи, халқ бирлиги ва аҳиллиги кўзлаган марраларимизга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, деди Шавкат Мирзиёев.
Хабарда айтилишича, учрашувда бугун дунёдаги вазият, унда оқилона йўл топиш машаққати ҳақида ҳам сўз юритилди. Шиддат билан ўзгараётган давр мамлакатлар, халқлар, инсонлар олдига янги-янги масалаларни қўймоқда. Бутун дунёда рақобат, эртанги кун учун кураш кетяпти. Шунга тайёр миллат, шунга тайёр халқгина Ватани ва давлатини муносиб ўринга кўтара олади.
“Келажакда глобал дунёда Ўзбекистоннинг ўрни қандай бўлади? Биз ўз меҳнатимиз, билимимиз, дунёқарашимиз билан эл-юртга қанчалик наф бера оляпмиз? Бу саволлар ҳаммамизни ўйлантириши керак.
Мустақиллик бизга чинакам қадр-қиммат, инсоний ғурур туйғусини берди. Шу билан бирга, мустақиллик бу — аввало, масъулият дегани. Ўз тақдири, ўз келажагини ўзи белгилаш, обод ва озод Ватан қуриш масъулияти”, деб таъкидлади президент.
Давлат раҳбари бугунги ютуқлар чегара эмаслигини, Ўзбекистон халқи бунданда яхши яшашга муносиб, катта ишларга қодирлигини айтди. Бунинг учун шароит, имконият, куч-қудрат, салоҳият етарли эканини таъкидлади.
Президент жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган фуқароларни ҳам табриклади.
“Мукофот аслида нима? Мукофот бу — аввало инсон қадрини улуғлаш дегани. Одамнинг меҳнати қадр топса, давлат ва жамият томонидан эътироф этилса, бундан унинг ўзи, оиласи, дўстлари, маҳалла-кўй, қолаверса, эл-юрт ҳам хурсанд бўлади. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу: ҳалол ва самарали ишлаётган одамларни қадрлаш, иззат-икром кўрсатиш”, деди давлат раҳбари.
Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
“Яхши ишлаган одам қадр топади. Бугун ҳалол меҳнат, фидойилик ва ватанпарварлик яна бир марта қадр топаётган кун. Бугунги юксак унвонлар, орден ва медаллар сизларни янги зафарларга чорласин. Юртимизда бундай инсонлар қанча кўп бўлса, мен ҳам мукофотлашдан чарчамайман”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мукофотланганлар юксак эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш тадбиридан лавҳалар
Изоҳ (0)